ФВБ ҳудудларда профилактика ишларини кучайтирди
Ёзнинг иссиқ кунлари давом этаётганига қарамай, куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари ҳозирданоқ бошланди. Сирдарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан назорат-профилактика ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Гулистон шаҳридаги профилактика тадбирлари шахсий таркибга йўриқнома беришдан бошланди. Шундан сўнг мутахассислар аҳоли хонадонларини ўрганиб, газ ва электр жиҳозларидаги носозликларни бартараф этди. Хонадон эгалари ва оила аъзоларига куз-қиш мавсумида хавфсизлик қоидалари тушунтирилди, зарурий эслатма материаллари тарқатилди. Шунингдек, ис газидан заҳарланиш хавфини келтириб чиқариши мумкин бўлган дудбуронлар ҳам тозалаб берилди.

Навбатдаги йўналиш ижтимоий соҳа объектлари бўлиб, бу ерда ишчи-ходимларга фавқулодда вазиятлар турлари ва уларнинг олдини олиш усуллари, ёнғинларни бошланғич босқичда ўчириш қоидалари амалий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Бозорлар ҳам эътибордан четда қолмади. Чунки бу каби ҳудудларда ёнғин хавфи юқори. Профилактика жараёнида дўкон эгалари ва сотувчилар огоҳлантирилди, 22 та хавфли ҳолат шу ернинг ўзида бартараф этилди.

Шу билан бирга, чўмилиш тақиқланган ҳудудларда вояга етмаган ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар мисоллар билан тушунтирилди.
Бундай профилактика тадбирлари турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аҳолининг бу борадаги билим ва хабардорлигини оширишга хизмат қилмоқда.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири