Футзалчи қизларимизни жиддий рақиб кутмоқда
Тошкент шаҳридаги “Юнусобод“ спорт мажмуасида футзал бўйича аёллар Осиё чемпионати саралаш босқичининг “C” гуруҳидаги баҳслар давом этмоқда.
Бугун, 17 январь куни Фаррух Зокиров бошчилигидаги футзалчиларимиз Австралия терма жамоаси билан рақобатлашади. Учрашув маҳаллий вақт билан 18:00 да бошланади. Ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйин эса соат 15:00да Туркманистон ва Қувайт термалари ўртасида бўлиб ўтса, Филиппин терма жамоаси бу турда дам олади.
Ўтган турлар якунига кўра, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси “С” гуруҳида биттадан ғалаба ва дуранг натижа қайд этиб, 4 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Учта ўйин ўтказган Филиппин термаси 7 очко билан гуруҳ пешқадамига айланган бўлса, Австралия икки ғалаба эвазига 6 очко жамғариб, иккинчи поғонадан жой олган. Қувайт уч баҳсда, Туркманистон эса икки беллашувда мағлубиятга учрагани боис ҳамон очкосиз қолмоқда.

Таиланд мезбонлигида ўтаётган саралашнинг “A” гуруҳида мезбонлар икки ғалабадан сўнг 6 очко билан биринчи ўринга кўтарилди. Баҳрайн ва Фаластин 4 очко билан 2-3 поғонадан жой олган бўлса, Ливан ва Ироқ бир очко билан қуйи поғоналарда бормоқда. Гуруҳда фақатгина Фаластин ва Ироқ 3 та ўйин ўтказганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ушбу гуруҳда бугун Ливан – Ироқ, Баҳрайн – Таиланд терма жамоалари ўртасидаги учрашувларга гувоҳ бўламиз.
“B” гуруҳи учрашувлари эса Индонезияда ўтмоқда. Унда Индонезия ва Ҳонг Конг терма жамоалари илк учрашувда ғалаба қозонди ва очколарини 3 тага етказган ҳолда пешқадамга айланди. Ҳиндистон ва Қирғизистон эса мағлубиятдан сўнг дастлабки турда очкосиз қолди. Гуруҳдан жой олган Покистон термаси саралаш беллашувларида иштирок этмасликка қарор қилди.
Шу тариқа, иккинчи турда Қирғизистон – Ҳонг Конг, Ҳиндистон – Индонезия терма жамоалари ўзаро рақобатлашади. Ушбу учрашувлар ҳам 17 январь куни бўлиб ўтади.
Саралаш беллашувларининг “D” гуруҳида тўрт терма жамоа ўзаро рақобатлашмоқда. Ушбу учрашувлар Мьянма давлатида ўтмоқда. Гуруҳдаги илк тур якунига кўра, Хитой Тайпейи термаси Макао устидан 18:0 ҳисобида ғалаба қозониб, яққол пешқадамга айланди. Вьетнам эса мезбонларни 5:1 ҳисобида таслим этди ва иккинчи ўринга жойлашди. Бугун мазкур гуруҳда Макао ва Вьетнам, Мьянма ҳамда Хитой Тайпейи терма жамоалари иккинчи тур доирасида ўзаро куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА