Футзал: Янги мавсумнинг янги чемпионати бошланмоқда
Бугун, 5 сентябрь куни футзал бўйича Ўзбекистон ХХХ миллий чемпионати баҳсларига старт берилади.
Янги мавсумнинг янги мақсадлари-ю чемпионлик пойгасини бошлаб бераётган миллий чемпионатнинг 1-тур учрашувлари Жиззах шаҳридаги вилоят футбол академияси спорт залида бўлиб ўтади.
Олий лига баҳсларида 12 та жамоа уч давра ва 12 та тур давомида чемпионлик учун кураш олиб боради.

Футзал мухлислари мавсум давомида 198 та қизиқарли ва муросасиз учрашувдан завқ олади. Регламентга кўра, жамоалар уч давра давомида 12 та турда баҳс олиб боради.
Мамлакатимизнинг энг кучли 12 та футзал жамоалари битта мақсад — чемпионлик сари узоқ, машаққатли ва муросасиз баҳсларга киришади.

Айтиш лозим, мавсум давомида футзал ишқибозларини бир қатор янгиликлар кутмоқда. Клублар сафига янги легионерлар қўшилди, хорижлик футзалчилар географияси кенгайди. Шунингдек, жамоалар таркибида ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимизга номзод иқтидорли футзалчилар сони ҳам ортди.
Бугун ўтказиладиган 1-тур ўйинларида Тошкент вилоятининг "Максам-Чирчиқ” жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” футзалчилари билан баҳс олиб боради.
Тошкентнинг “SQB” жамоаси эса Олий лига карвонига қўшилган Урганчнинг “Хоразм” футзалчилари билан тўқнаш келса, Бухоронинг “Нурафшон” ва Навоийнинг “Зарафшон” жамоалари ўртасидаги қизиқарли қарама-қаршилик 1-турнинг биринчи кунги ўйинларига якун ясайди.
Эслатиб ўтамиз, 1-тур ўйинлари 10 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА