Футзал: “BMB PFC” муддатидан аввал Ўзбекистон чемпионлигига эришди
Кеча Қарши шаҳрининг “Геолог” спорт мажмуасида 11-тур ўйинлари доирасида Бухоронинг “Oil Star” футзалчилари Қаршининг “Насаф” жамоаси билан 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Бунинг ортидан Жиззахнинг “BMB PFC” жамоаси тўрт карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номни қўлга киритди.
Кеча бешинчи кунги ўйинда SQB футзалчилари Тошкент вилоятининг "Максам-Чирчиқ" жамоасини 5:0 ҳисобида мағлуб этиши ҳам вазиятни ўзгартира олмади. Самарқанднинг "Динамо" жамоаси Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бугун, 24 апрель 11-турнирнинг сўнгги олтинчи кунида Тошкентнинг SQB жамоаси "Бунёдкор" билан, "Динамо" “Oil Star” билан, "Насаф" эса "Максам-Чирчиқ" жамоаси билан тўқнаш келади.

Турнир жадвалидан кўриниб турибдики, Жиззах жамоаси муддатидан аввал ғолибликни қўлга киритган бўлса, 2 ва 3-ўринлар учун кураш “Oil Star” ҳамда SQB жамоалари ўртасида 12-тур якунига қадар давом этиши ойдинлашди.

Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича бу йилги Ўзбекистон миллий чемпионатининг охирги 12-тур ўйинлари май ойининг учинчи ўн кунлигида пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА