Футболчиларимиз “FIFA Series – 2026” ғолиби
Тошкент шаҳрида футбол бўйича халқаро “FIFA Series – 2026” мусобақаси якунига етди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Венесуэлага қарши майдонга тушди.
“Бунёдкор” стадионида кечган беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади — 0:0.
Ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда футболчиларимиз 5:4 ҳисобида устун келиб, мусобақа чемпионлигини қўлга киритди. Шу тариқа, Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа “FIFA Series – 2026” мусобақаси ғолиби бўлди. Венесуэла эса иккинчи поғонани эгаллади.

Учинчи ўрин учун кечган баҳсда Габон ҳамда Тринидад ва Тобаго миллий терма жамоалари ўзаро куч синашди. Асосий вақтда 2:2 ҳисобида жанговар дуранг қайд этилди. Пенальтилар сериясида эса Габон 3:2 ҳисобида зафар қучиб, мусобақани учинчи ўрин билан якунлади. Тринидад ва Тобаго эса тўртинчи поғонада қолди.
[gallery-28459]
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА