Футбол хабарлари
Эрон клубларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар фаолиятини Суперлига жамоаларида давом эттиришга яқин турибди.
Маълум қилинишича, Остон Ўрунов “Андижон” билан музокараларни деярли якунлаган. Жалолиддин Машарипов эса “Пахтакор” вариантини кўриб чиқмоқда. Шунингдек, Одил Ҳамробеков “шерлар” сафига қўшилиши мумкин, аммо футболчида бошқа таклифлар ҳам мавжуд.

Рустам Ашурматовнинг “Навбаҳор”га ўтиш эҳтимоли юқори бўлиб, унга ОКМК жамоасидан ҳам қизиқиш бор. “Нефтчи” эса Игорь Сергеевни ўз сафига қўшиб олиш арафасида. Футболчи ва клуб ўртасида келишувнинг якуний босқичи бошланган. Маълумот учун, Эрондаги сиёсий вазият сабаб ички чемпионат вақтинча тўхтатилган.
***
Англия кубогининг ярим финал босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, "Челси" – "Лидс Юнайтед" ва "Манчестер Сити" – "Саутгемптон" клублари ўзаро рақобатлашади. Ярим финал баҳслари 25 ва 26 апрель кунлари "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
***
Англия премьер-лигасининг (АПЛ) жорий мавсумидаги энг юқори маош олувчи мураббийлар номлари ва уларнинг маошлари миқдори маълум бўлди. Ҳусусан, “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола лиганинг энг юқори маош олувчи мураббийлари рўйхатига бошчилик қилмоқда. Унинг ойлик даромади 1,92 миллион еврога тенг.

Шунингдек, мазкур рўйхатнинг учлигидан “Арсенал” устози Микель Артета (1,24 миллион евро) ва “Астон Вилла” бош мураббийи Унаи Эмери (770 минг еврони) ўрин олган.
***
Бугун Про-лиганинг 1-туридан ўрин олган учта баҳс бўлиб ўтади. Жумладан, Про-лига дебютантлари "ТерДУ" ва "Лочин" ўзаро баҳс олиб боради. "Жайҳун" жамоаси эса "Каттақўрғон" клубини меҳмон қилади. Ҳар икки учрашув 16:00 да старт олади. Шунингдек, бугун "Ғазалкент" "БухДУ"ни қабул қилади. Мусобақанинг яна иккита дебютанти ўртасидаги баҳс соат 19:30 га белгиланган.
***
"Сантос" ҳужумчиси Неймар аёл ҳакам Савио Перейра Сампайога нисбатан ишлатган ножўя гаплари учун 5 тадан 12 тагача ўйинга дисквалификация олиши мумкин.
Маълум қилинишича, ўйиндан кейин 34 ёшли футболчи сариқ карточка олганидан норози бўлиб, интервьюда ҳакам ҳақида ёмон гаплар гапирган. Неймар шунингдек, Сампайони ўйинчиларга ҳурматсизликда ва майдонда ўзини асосий қаҳрамон қилишга уринишда айблаган. Жорий мавсумда олти ўйинда Неймар 3 та гол урди ва 3 та голли узатма берди.
***
Суперлиганинг якунига етган 5-турида энг кўп томошабин ташриф буюрган ўйин аниқланди. Аниқроғи, "Хоразм спорт мажмуаси"да бўлиб ўтган "Хоразм" ҳамда "Динамо" жамоалари ўртасидаги баҳсни бевосита стадиондан 7 минг 650 нафар мухлис кузатиб борди.
***
БAA чемпионатининг 21-туридан ўрин олган учрашувда "Хор Факкан" ўз майдонида "Банияс"ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Баҳсда меҳмонлар сафида Oтабек Шукуров асосий таркибда майдонга тушиб, 66-дақиқада захирага олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА