Футбол: Шиддатли ўйиннинг чиройли якуни яқин
Бугун, 7 март куни 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 3-тур баҳслари бўлиб ўтади.
Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси бугун Индонезия термасига қарши майдонга тушади. “А” гуруҳидаги ушбу учрашув Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ташкил этилади.
Мазкур гуруҳдаги Ироқ-Сурия ўйин пойтахтимиздаги “Локомотив” стадионида ўтказилади.

Айтиш лозимки, 2-тур ўйинларидан кейин Сурия ва Ироқ жамоаларини мағлуб этган мамлакатимиз футбол жамоаси “А” гуруҳида 6 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди.

Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб фикр юритадиган бўлсак, агар Ўзбекистон ўз гуруҳида 1-ўринни эгалласа, унда “Б” гуруҳидаги иккинчи жамоа билан рўбарў келади. Бу жамоа ҳозирда мазкур гуруҳда 2-ўринда бораётган Австралия жамоаси бўлиши мумкин. “А” гуруҳидаги 2-ўрин соҳиби “Б” гуруҳи ғолибига қарши майдонга тушади.
Натижалар қай тарзда кўриниш ҳосил қилишидан қатъи назар футболчиларимиз кейинги босқич масаласини ҳал этганлиги эътиборли эканлигини таъкидлаган ҳолда шиддатли ўйиннинг чиройли якуни бўлишини кутиб қоламиз, албатта.

Бугун, шунингдек, “Истиқлол” стадионида Вьетнам – Эрон, “Жар” стадионида Қатар – Австралия учрашувлари ўтказилади.
Эртага, 8 март куни эса “Локомотив” стадионида “С” гуруҳидаги Иордания – Уммон, “Бунёдкор” стадионида Ж.Корея – Тожикистон ўйинлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА