Футбол: Ўзбекистон Суперлигасида 25-тур старт олади
Бугун, 21 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тури старт олади ва 24 ноябрга қадар давом этади.
Миллий чемпионатимизнинг 25-турида “Пахтакор” – ОКМК, “Қизилқум” – “Навбаҳор”, “Нефтчи” – “Насаф”, “Олимпик” – “Бунёдкор”, “Андижон” – “Динамо”, “Металлург” – “Сурхон”, “Сўғдиёна” – “Локомотив” клублари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Энди эса ушбу турдаги баҳслар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Мазкур турни “Пахтакор” – ОКМК учрашуви бошлаб беради. Бу ўйин соат 18:00да “Жар” стадионида бошланади. Турнинг марказий ўйинларидан бири дея эътироф этилган ушбу учрашув шиддатли беллашувлар остида ўтишига шубҳа йўқ. Сабаби, ҳар иккала жамоа ҳамон медаллар учун курашмоқда. Бу ўйинда очко йўқотган жамоа қийин вазиятда қолади, айниқса, пойтахт клуби учун бу жуда қимматга тушади. Айни дамда “Пахтакор” 38 очко билан 5-ўринда бормоқда. ОКМК эса 41 очко билан иккинчи ўриндан жой олган.
Шу ўринда мазкур жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига эътибор қаратиб ўтсак.
Ҳозирга қадар чемпионатларимиз тарихида жамоалар 33 марта ўзаро тўқнаш келган. 23 беллашувда “Пахтакор” ғалаба қозонган бўлса, 5 баҳсда дуранг қайд этилган ва яна 5 ўйин Олмалиқ клуби фойдасига ҳал бўлган. “Пахтакор” ушбу ўйинларда 60 тўп киритиб, 23 гол ўтказиб юборган. Шунингдек, Тошкентда кечган 16 ўйиннинг 10 тасида “Пахтакор” устун келган. 5 тўқнашувда дуранг қайд этилиб, бир бор рақиб ғалаба қозонган. Жорий йилги Суперлига ўйинларининг биринчи даврасида ОКМК ўз майдонида “шерлар”ни 4:2 ҳисобида таслим қилган.
Энди эса 22 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтамиз. Шу куни “Нефтчи” ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилади. “Қизилқум” эса “Навбаҳор” билан рақобатлашади.
“Нефтчи” ва “Насаф” баҳси ҳам қизғин ўтади. Гарчи “Насаф” чемпионликни муддатидан аввал ҳал қилган бўлса-да, аммо ўтган турдаги мағлубият аламини “Нефтчи”дан олишга уринади. Фарғона шаҳри клуби учун ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Бу эса ўйин қизғин ўтишидан далолат беради.

“Қизилқум” ва “Навбаҳор” баҳси ҳам кескин ва муросасиз ўтишига шубҳа йўқ. Сергей Лушчан жамоаси Суперлигани иккинчи ўринда якунлаш учун очко йўқотиши керак эмаслигини билган ҳолда ҳужумкор ўйин кўрсатиши сир эмас. Бироқ, “Қизилқум” номдор рақибларга қарши қандай ўйнашни биладиган жамоалигини унутмаслик лозим.
23 ноябрь кунги учрашувларни Тошкент дербиси бошлаб беради. Унда “Олимпик” – “Бунёдкор” баҳсига гувоҳ бўламиз. Лигада жон сақлаб қолиш йўлида курашаётган бу икки жамоа мазкур турда ўзаро бир-бири билан рақобатлашади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу баҳсда мағлуб жамоа катта эҳтимол плей-оффга қолиб кетиши мумкин.

“Андижон” – “Динамо” ўйини андижонликлар учун “Бобур арена”да жорий мавсумдаги сўнгги учрашув бўлади. Шу сабабли “Андижон” мухлислар учун чиройли футбол намойиш этишга ҳаракат қилади.
Суперлиганинг 25-тури сўнгги кунида “Металлург” – “Сурхон” ва “Сўғдиёна” – “Локомотив” жамоалари баҳс олиб боради.
Бу ўйинларнинг қизиқ жиҳати шундаки, “Металлург” ва “Локомотив” бу мавсумни муваффақиятсиз ўтказди ва жадвалнинг сўнгги поғоналарида қолди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, айни вақтда Бекобод клубининг натижаларидан келиб чиқиб, лигадан тушиб кетиши кўпчилик томонидан илгари сурилмоқда. Жамоа ҳисобида 17 очко бор ва 13-ўриндаги “Локомотив”дан 4 очко ортда қолмоқда.
Ҳа, “Металлург” ва “Сурхон” баҳсидаги натижа унчалик аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Аммо “Сўғдиёна” ҳамда “Локомотив” ўйини қизиқарли ўтади. Чунки, “Сўғдиёна” 40 очко билан учинчи поғонада бораётгани ва ОКМК клубидан бор-йўғи бир очко ортда қолгани боис “Локомотив” билан ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушишига шубҳа йўқ. Шу боис ҳам “Сўғдиёна” иккинчи ўрин учун курашни, “Локомотив” эса Суперлигада жон сақлаб қолиш учун рақобатни давом эттиради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА