Футбол: CAFA ва ЎФА ҳамкорлиги кенгаймоқда
2023 йил Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) тизимидаги бир қатор мусобақалар Ўзбекистонда ўтказилади.
Бу ҳақда Тошкентда Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари ўртасида ўтказилган учрашувда айтиб ўтилди.
CAFA мутасаддилари ва ЎФА раҳбарияти ўртасида кечган мулоқот давомида Ўзбекистон ва CAFA га аъзо давлатларнинг ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга чиқаётганлиги алоҳида таъкидланди. Минтақада футбол ривожланиб бораётганлиги, бу борада барча аъзо мамлакатларда катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

ЎФА раҳбарияти CAFA билан кенг кўламли лойиҳаларини амалга оширилишидан ҳар доим мамнун эканлигини билдирди.
Ўз навбатида CAFA мутасаддилари юртимизда футболни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва халқаро мусобақаларни ўтказишдаги ишларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон CAFAнинг минтақадаги энг ишончли ҳамкори эканлигини эътироф этди.
Мулоқотлар давомида CAFA турнирларини юртимизда ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, келгуси йилнинг февраль ойида Тошкентда ўтадиган “CAFA Womens Futsal Championship 2023” турнирига тайёргарлик жараёнлари, шунингдек, 2023 йил май ойида 2005 йилда туғилган футболчилар ўртасидаги мусобақани ҳам Ўзбекистонда ўтказиш бўйича ташкилий масалалар ва кейинги чора-тадбирлар тўғрисида суҳбатлашилди.
Бундан ташқари, келгусида CAFA га аъзо давлатларнинг миллий терма жамоалари ўртасида турнир ташкил этиш ва уни юртимизда ўтказиш борасида таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА