Фурқат тумани – ривожланиш босқичида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланмоқда. Барча шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, аҳолининг ҳаёт сифати йилдан йилга юксалиб бормоқда. Буни Фарғона вилояти Фурқат тумани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Туманнинг жорий йилдаги экспорт ўсиш суръатларининг асосий драйверлари тўқимачилик, мева-сабзавот етиштириш, той пахта, пахта чиқиндиси, хўжалик гугурти ишлаб чиқариш ҳисобланади.
Туман тадбиркорлари дунёнинг 10 та давлатига 10 турдан ортиқ маҳсулотни экспорт қилиш ҳамда 20 та тадбиркорлик субъектини экспорт фаолиятига жалб этишни режалаштирган. 4 та кичик ва 2 та “Ёшлар” кичик саноат зоналарида умумий қиймати қарийб 45 миллиард сўм бўлган 59 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Ғунча” ва “Чек чувалдоқ” МФЙнинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ободонлаштириш мақсадида 28 миллиард 594 миллион сўмлик иш амалга оширилади.
Тумандаги “Мастона бўстони” МЧЖ томонидан Ардахшон маҳалласида янги ун заводи барпо этиляпти. Умумий қиймати 42 миллиард сўм бўлган лойиҳа ишга тушгач, йилига 48 минг тонна ун ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Шу тариқа корхонада йилига 3 миллион АҚШ доллари миқдорида ун ва ун маҳсулотини экспорт қилиш режалаштирилган. Айни пайтда асосий бинолар ва қўшимча объектларда пардозлаш ишлари сифатли якунига етказиляпти. Ўз навбатида, бу ерга Туркиядан сўнгги русумдаги технологиялар олиб келиниб, ўрнатилмоқда.
[gallery-7652]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА