Фурқат ҳақида фильм
Адиблар хиёбонида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан суратга олинган «Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда» ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Кинокартина етук маърифатпарвар адиб Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлиб, Тошкент архитектура- қурилиш институти билан ҳамкорликда тасвирга олинган.
Премьерадан аввал, талабалар иштирокида саҳна кўриниши тақдим этилди. Фурқат ижодидан намуналар келтирилди. Институт раҳбарияти томонидан Фурқат қолдирган бой маънавий меросни абадийлаштириш борасида қилинган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Фильм сценарий муаллифи Бахтиёр Ёқубов, режиссёр Музаффар Қорабоев. Картинани Равшан Мусаев суратга олган. Фильм директори Шуҳрат Болтабоев.
– Фурқат яқин тарихда яшаб ўтган бўлсада, у билан боғлиқ маълумотларнинг кўпи очиқланмаган,–дейди сценарий муаллифи Бахтиёр Ёқубов. – Кўп маълумотлар фақат ҳужжатларда қолиб кетган. Айрим маълумотлар қайта текширишни талаб қилади. Сценарийни ёзишда бироз қийинчиликларга дуч келдик. Аммо адабиётшунослар, тарихчилар фикрлари ва мақолаларига таяниб, картина учун керакли маълумотларни жамладик. Ўйлайманки, Фурқат шахсини тўлақонли очиб бера олдик.
Фильмда Шафоат Раҳматуллаева, Расулхон Қодирхонов, Муҳаммадсоли Юсупов, Глеб Голлендер, Миркамол Қорабоев, Юлдуз Пайзиева, Бобур Айтмагамбетов каби актёрлар роллар ижро этган.
Тақдимотдан сўнг, киноижодкорлар билан самимий суҳбат уюштирилиб, фикр- мулоҳазалар тингланди.


Д. Маматова, ЎзА