Фуқаролик жамияти институтлари: янги имкониятлар
Бугун юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар натижасида парламент чин маънода халқимизнинг овозига айланди. Ҳар бир муҳокама қилинаётган қонун бевосита халқимиз билан бамаслаҳат қабул қилинмоқда. Бу борадаги жараёнлар ошкора олиб борилаётгани жамоатчилик иштирокига кенг йўл очди.
Жумладан, мамлакатимизда бўлиб ўтган бу галги сайловлар тўлақонли халқаро стандартларга мос тарзда янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирди. Ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди.
Бундан ташқари, ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури ва маданияти тубдан ўзгариб, юксалди. Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди.
Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган. Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Янги тизим ҳар бир сайловчининг овози Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўрни учун муҳим эканини, бу борада адолат тамойили янада кучайганини ҳам кўрсатди.
Сайловлар тўлиқ очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтгани, қўлланган замонавий технологиялар ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнаганини таъкидлаш жоиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномасида Қонунчилик палатаси қўмиталари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш масаласига тўхталиб ўтгани бежиз эмас.
Кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича янгича тизим яратилди. Ушбу соҳани ислоҳ этишга, нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада яхшилашга қаратилган 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда мазкур институтга алоҳида боб ажратилиб, конституциявий мақом берилди.
Қолаверса, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф тизими яратилди. Натижада давлат органлари мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Биргина мисол, яқинда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун шу соҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг таклифлари асосида маромига етказилди.
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашларини тузиш ҳақидаги таклифи фуқаролик жамияти институтлари ва парламент ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқади. Бу халқимиз орасига кириб, уларни қийнаётган муаммолар бўйича самаралироқ ечимлар ишлаб чиқиш имконини яратади. Илгари бу борадаги ҳамкорлик тизимсиз эди, мана энди жамоат кенгашлари ҳам катта овозга айланади.
Қолаверса, фуқаролик жамияти институтларининг қонун ижодкорлиги жараёнида иштироки кенгайиб, палата билан ижтимоий шериклик янада мустаҳкамланади. Энг муҳими, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очади.
Бундан ташқари, палата фаолиятида жамоатчилик иштирокини янада кучайтириш учун янгиланган Конституциямизда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар ўз таклифларини қуйи палатага киритиш ҳуқуқига эга экани кафолатланган эди.
Шунга асосан фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этишни таклиф қилгани ҳам жуда муҳим сиёсий қарор дейиш мумкин.
Айниқса, янгиланган Конституциямизга мувофиқ илк бор қуйи палатада Бош вазир лавозимига номзод ҳамда Ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури кўриб чиқилгани мамлакатимиз ҳаётида катта воқеага айланди.
Президентимиз мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга бўлган Ҳукуматга ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётимиздаги ўзгаришларни жадал давом эттириш орқали 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш вазифасини топширгани, шубҳасиз аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга хизмат қилади.
Даврон Шодмонов,
“Юксалиш” ҳаракати
Қашқадарё ҳудудий бўлими раҳбари,
вилоят кенгаши депутати.
ЎзА