Фуқароларимиз Туркияда фаол овоз бермоқда
Туркия Республикасининг Анқара ва Истанбул шаҳарларидаги фуқароларимизга референдум бўйича овоз бериш учун барча шароит яратилган.

– Фуқароларимиз референдумда фаол иштирок этаётгани бежиз эмас, – деди Анқара шаҳридаги 43-участка референдум комиссияси раиси ўринбосари Авазбек Ҳожиметов. – Овоз бериш куни ва жойи ҳақида доимий равишда ижтимоий тармоқ орқали ахборот бериб бордик. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси томонидан тарғибот-ташвиқот ишларига алоҳида аҳамият қаратилди. Етакчи оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижаларига бағишланган, Конституциявий ислоҳот мазмун-моҳияти очиб берилган 70 дан зиёд мақола нашр қилинди.

Туркиянинг 14 вилоятига сафар уюштирилиб, ишбилармонлар, сиёсий доира, жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги фуқароларимиз Анқара шаҳридаги 43-референдум участкаси, Истанбул шаҳридаги 44-референдум участкасида овоз беришмоқда.

19-26 апрель кунлари Анқара, Истанбул, Анталия ва Бурса шаҳарларида вақтинча яшаётган ватандошларимиз учун муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилди.
Шуҳрат Орипов,
Анқара шаҳри