"Фуқаролар ширкат тизимидан анча чарчаган эди..."
Кунлар совиши билан иссиқлик тизимига бўлган эҳтиёж орта бошлайди. Иссиқлик таъминоти, умуман, коммунал соҳадаги ишларнинг ўз вақтида, белгиланган меъёрлар асосида ташкил этилиши, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилиши аҳолининг қулай шароитларда фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухтабар Ҳусанова Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Озода Жўраева ҳамроҳлигида пойтахтимизнинг Чилонзор туманида бўлиб, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ислоҳотлар натижаси билан танишди.
Хусусан, бошқарув сервис компаниялари фаолияти, 24/7 иш режимидаги диспетчерлик хизмати, компанияларнинг моддий-техник базаси, хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган шароитлар, қўшимча сервис хизматлари кўздан кечирилди. Мухтабар Ҳусанова соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотларни алоҳида эътироф этар экан, аҳоли қулайлиги учун яратилаётган бундай шароитларни мамлакатимиз бўйлаб кенг жорий этиш лозимлигини таъкидлади.
— Фуқаролар ширкат тизимидан анча чарчаган эди, хизмат сифати одамларни умуман қониқтирмас, ҳатто аҳолининг аксарият қисми уларга мурожаат қилиш бефойдалигини таъкидлашарди, — дейди халқ вакили. — Соҳадаги ҳозирги ислоҳотлар одамларнинг ишончини оқлашга, аҳолининг сифатли ва хавфсиз ҳаёт кечиришига хизмат қилади. Соҳада олиб борилаётган ишларни, қолаверса, аҳолининг мажбурий бадалларни ўз вақтида тўлаш бўйича ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини биргаликда олиб боришга тайёрмиз.
Мутасаддилар аҳоли билан суҳбатда бўлиб, уларни қийнаётган айрим муаммоларни, соҳани янада ривожлантириш бўйича таклиф ва мурожаатларни тингладилар. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўриб чиқилиб, тегишли тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА