Фуқаро жарима тўлайдиган бўлди
Навоий вилоятининг Томди ва Учқудуқ туманлари Экология бўлими давлат инспекторлари ҳамда Миллий гвардия бўлими ходимлари томонидан Учқудуқ тумани “Узунқудуқ” ОФЙ ҳамда Томди тумани “Шарқ” ОФЙнинг чегарадош чўл ҳудудида назорат рейд тадбири ўтказилди.
Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, рейд тадбири давомида Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи фуқаро Қ.А. томонидан саксовул буталарини ўз бошқарувида бўлган “ЗИЛ” русумли юк машинасида ноқонуний равишда олиб кетаётганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб 1 миллион 650 минг сўм жарима ҳамда 32 миллион 340 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланган.
А.Бўриев, ЎзА