Фронтда ҳамширалик қилган онахон
Бухоро шаҳридаги “Кўксарой” маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронтда ҳамширалик қилган Олия Аҳмедова истиқомат қилади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Бухоро шаҳридаги “Кўксарой” маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронтда ҳамширалик қилган Олия Аҳмедова истиқомат қилади.
Россиянинг Олтой ўлкасида туғилган онахон уруш даҳшатларини ўз бошидан кечирган. Ҳамшира бўлгани боис ярадорларни даволаш ишига жалб этилган. 1946 йилда ҳарбий бўлган турмуш ўртоғи билан Ўзбекистонга келади.
Бугун вилоят ҳокимлиги, мудофаа ишлари бошқармаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими вакиллари ушбу хонадонда бўлиб, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги билан онахонни қутладилар.

Президентимиз фармонига кўра Олия Аҳмедовага 10 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
–Ҳукуматимиз томонидан биз, фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибордан бахтиёрман, — дейди Олия буви. – Ҳар куни дуога қўл очиб, тинчлигимиз барқарор бўлишини яратгандан сўрайман. Шукрки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Мамлакатимиз ободлиги, элимиз фаровонлиги йўлида эртаю кеч тинмай меҳнат қилаётган муҳтарам Президентимиз доим соғ бўлсин.