Француз актёрлари Ўзбекистонда
Шу кунларда франциялик бир гуруҳ театр актёрлари Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Шу кунларда франциялик бир гуруҳ театр актёрлари Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасида ўрнатилган дўстона алоқалар намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Ташриф доирасида “Jʼai mange du Jacques” мусиқали спектаклининг намойиши бўлиб ўтди.
Спектаклда томошабинлар олис тарихга бориб туташувчи француз театрининг ўзига хос намойиши, урф-одатлари, анъаналари ҳамда Европа жонли санъат турининг жозибасидан баҳраманд бўлди. Театр мухлислари франциялик санъаткорлар билан самимий суҳбатлашди.
“Jʼai mange du Jacques” мусиқий томошаси Францияда жуда машҳур саналади. Динамик дуэт, таниқли мусиқий композициялардан ташкил топган ўзига хос ижро бир нечта мусиқий асбобларнинг жўрлиги ва ҳазил-мутойиба аралашуви билан томошабинлар эътиборини қозониб келади.
Француз театр актёрлари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари учун маҳорат дарслари ўтиши кўзда тутилган.