Франция Ҳурмуз масаласида 35 давлат билан музокара бошлади
Франция Ҳурмуз бўғозида кема ҳаракатини тиклаш мақсадида 35 давлат билан музокарага киришди. Бу ташаббус Эрон билан уруш тугагандан кейин натижа бериши кутиляпти.
Париж миссия фақат мудофаа хусусиятига эгалиги, мақсад глобал нефть ташиш йўлини қайта очиш эканини таъкидламоқда. Айни пайт бўғоз орқали ҳаракат деярли тўхтаган.
Франция ҳарбий раҳбарияти турли қитъалардаги мамлакатлар билан маслаҳатлашув ўтказяпти. Шунингдек, денгиз хавфсизлиги бўйича Буюк Британия, Германия, Италия ва Япония билан алоҳида мулоқот бўлиб ўтган.
Режага кўра, аввал сув йўлини минадан тозалаш, сўнгра танкерлар ҳаракатини ҳимоя қилиш босқичи кўзда тутилган. Бу жараён кенг кўламли халқаро ҳамкорликни тақозо этади.
Мутахассислар таъкидлашича, уруш тўлиқ тўхтамасдан туриб, мазкур амалиётни муваффақиятли тугатиб бўлмайди. Умуман, Ҳурмузда хавфсизликни таъминлаш жаҳон иқтисодиёти учун жуда муҳим.
Мусулмон Зиё, ЎзА