Франция “ҳимоя қалқони”ни кучайтирди
Франция ҳукумати стратегик аҳамиятга эга компанияларни хорижий сармоя таъсиридан ҳимоя қилиш чорасини кучайтирди. Янги тартибга кўра, Европа Иттифоқига кирмайдиган давлатлар инвесторлари энди француз компаниясининг 10 фоиз улушини сотиб олиш учун давлатдан рухсат олиши шарт. Илгари бундай талаб фақат 25 фоиз ёки янада юқори улуш харид қилинганда амал қилар эди. Ҳукумат бу ўзгаришни миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Бош вазир Себастьен Лекорню стратегик корхоналарни муҳофаза қилиш мамлакат суверенитетини сақлаш билан тенг аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, давлат бир томондан бизнес ривожини қўллаб-қувватлаши, иккинчи томондан эса муҳим тармоқларни ташқи таъсирдан асраши лозим. Янги қоида, аввало, геосиёсий вазият кескинлашаётган шароитда хавфли сармоянинг олдини олишга қаратилган. Шу тариқа Париж иқтисодий хавфсизлик сиёсатига янада қатъий ёндашмоқда.
Янги механизмга мувофиқ, дастлаб сармоядор режасидан Франция Ғазначилиги бош бошқармасини хабардор қилади. Иқтисодиёт вазирлиги эса ўн кун ичида битим бўйича қўшимча текширув ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида қарор қабул қилади. Расмийлар жараённи тезкор амалга ошириш орқали корхонанинг молиявий имкониятига салбий таъсир кўрсатмасликни таъминлайди. Мақсад – хавфсизлик билан сармоя муҳити мувозанатини сақлаш.
Қарор Франция парламенти тайёрлаган иқтисодий хавфсизлик бўйича ҳисобот тавсиясига таянади. Ҳужжат муаллифлари халқаро рақобат кучайиб бораётган бир пайт мамлакат ўз технологияси ва стратегик салоҳиятини ҳимоя қилишда анчайин қатъий бўлиши кераклигини таъкидлаган. Яъни, корхонани сақлаб қолишнинг ўзи етарли эмас, рақобатбардошликни ошириш учун ҳам шароит яратиш зарур. Шу боис Париж миллий манфаат ва инвестиция сиёсати ўртасида янги мувозанат шакллантиришга киришди.
Мусулмон Зиё, ЎзА