ФОТОГАЛЕРЕЯ: Навоий — ислоҳотлар, бунёдкорлик ва тараққиёт замини
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан
«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва
келажак яратамиз!»
Навоий вилояти мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини ўзида яққол намоён этаётган ҳудудлардан бири. Бепоён саҳролар бағрида қад ростлаётган замонавий иншоотлар, янгиланиб бораётган шаҳар ва қишлоқлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари, обод маҳаллалар ва фаровон ҳаёт манзаралари ҳудуддаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараларини кўрсатиб турибди.
Навоий нафақат мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудудларидан бири, балки инвестиция, инновация ва тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратилаётган замонавий макон сифатида ҳам ўз қиёфасини ўзгартирмоқда. Саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларида янги лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, мавжуд корхоналарнинг модернизация қилиниши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши вилоят иқтисодий салоҳиятини янада юксалтирмоқда. Жорий йилда вилоят саноатини 7,8 фоизга ошириш мақсади ҳам бу йўналишдаги ишлар изчил давом этаётганидан далолатдир.
[gallery-30926]
Бунёдкорлик ва инфратузилмадаги янгиланишлар шаҳар ва қишлоқларга янгича руҳ бағишламоқда. Янги йўллар, кўприклар, ижтимоий объектлар, замонавий уй-жойлар ва обод маҳаллалар аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда. Йўл ва электр тармоқларининг янгиланиши, жамоат транспорти тизимининг ривожланиши эса одамларнинг кундалик ҳаётида сезиларли қулайликлар яратмоқда.
Ислоҳотларнинг бош мезони — инсон ва унинг қадри. Шу боис таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, спорт ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасаларида замонавий билим ва касбларни эгаллаш учун янги имкониятлар яратилиб, IT ва рақамли технологияларга ихтисослашган таълим йўналишлари кенгаймоқда.
Тиббиёт соҳасидаги янгиланишлар аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган. Замонавий спорт иншоотлари, оммавий спорт тадбирлари ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган ташаббуслар, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий заминида қишлоқ хўжалиги ҳам замонавий ёндашувлар асосида ривожланмоқда. Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, чорвачилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш орқали қишлоқ аҳолисининг даромад манбаларини кенгайтиришга эътибор кучайтирилмоқда. Маҳаллаларнинг мавжуд имконият ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш эса ҳудудларда янги иқтисодий фаолликка замин яратмоқда.
Вилоятнинг туризм салоҳияти ҳам тобора кенг намоён бўлмоқда. Қадимий Кармана тарихи, бетакрор табиати, маданий мерос объектлари ва замонавий туристик масканлар Навоийни ички ва хорижий сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирмоқда. Жорий йилда 600 минг нафар хорижий ва 3 миллион нафар маҳаллий сайёҳни жалб этиш мақсади белгилангани соҳадаги улкан имкониятлардан далолат беради.
Экологик барқарорликни таъминлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳоли учун замонавий дам олиш масканларини барпо этиш борасидаги ишлар ҳам ҳудуд қиёфасини ўзгартирмоқда. Навоий шаҳридаги «Ёшлик» кўли ва унинг атрофини замонавий рекреацион ҳудудга айлантириш, янги яшил масканлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар шулар жумласидандир.
Мазкур фотогалереяда Навоий вилоятида сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларнинг турли қирралари — бунёдкорлик ва саноат, илм-фан ва таълим, тиббиёт ва спорт, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш, туризм ва ободонлаштириш жараёнлари ўз аксини топган. Энг муҳими, бу манзараларда инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, одамларнинг эртанги кунга ишончи ва янгича ҳаёт тарзи намоён бўлади.
Бу суратлар — Навоий вилоятининг бугунги қиёфаси. Бой тарих ва улкан салоҳиятга эга заминда янги имкониятлар яратилаётгани, замонавий шаҳар ва қишлоқлар барпо этилаётгани, янги корхона ва лойиҳалар ишга туширилаётгани, илм-фан, таълим ва ижтимоий соҳаларда муҳим қадамлар ташланаётгани фотоларда яққол намоён.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Навоий вилоятидаги ана шундай ўзгаришлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Зеро, обод ҳудуд, фаровон оила, билимли ва интилувчан ёшлар, муносиб меҳнат шароити ҳамда инсон қадри устувор бўлган жамият — Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим мезонидир. Навоий вилоятининг бугунги манзаралари эса ана шу эзгу мақсадлар сари дадил одимлар ташланаётганидан далолат беради.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА