Форс кўрфазидаги хавф: нефть доғи БАА қирғоғига яқинлашди
Европанинг "Copernicus" сунъий йўлдош тизими томонидан 24 октябрь куни олинган тасвир сўнгги бир неча кун ичида нефть доғи майдони кенгайганини кўрсатди. Ифлосланиш БАА шимолидаги Умм Ал-Кайвайн амирлиги қирғоғига яқинлашган. Лавҳада денгиз юзаси ва қирғоқ бўйлаб тарқалган қора нефть чизиғи яққол кўринган.
“Казинформ” хабарига кўра, вазият ёмонлашгани сабаб, Раис-Ал-Хайма амирлиги расмийлари қўшимча хабар берилгунга қадар барча қумли соҳил мажмуаларини ёпишга қарор қилди. Чеклов аҳоли ва дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ифлосланишнинг эҳтимолий оқибатидан сақланиш мақсадида жорий этилди.
Абу-Дабидаги Нью-Йорк университети Сув тадқиқоти маркази директори, муҳандис-профессор Нидол Ҳилол хом ашё тўкилишини жиддий экологик муаммо сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар салбий ҳолат кўлами ва нефть тарқалиши йўналишини аниқлаётган бир пайт, пляжларни вақтинча ёпиш оқилона эҳтиёт чорасидир.
Аввалроқ БАА расмийлари мамлакат қирғоғида тўкилган нефть оқимини тўсиш бўйича иш бошлангани ҳақида хабар берган эди. Айни пайт Умм Ал-Кайвайн ва Шаржа амирликларидаги қумли соҳил мажмуалари вақтинча ёпилган, балиқчилар ифлос ҳудудга бормасликка чақирилган.
А.Маматов, ЎзА