Формали кийим-бошни кийиб юрганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Сўнгги вақтларда айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошларни кийиб юриш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бу эса фуқароларни чалғитиши, давлат органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда айрим шахсларга ўзини давлат органи ходими сифатида кўрсатиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш имкониятини яратиши мумкин.
Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган нормаларга кўра, давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни кийиб юрганлик ёки жорий этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, давлат хизматчиси ёки ҳарбийларнинг кийимига жуда ўхшаш формаларни кийиб юрганларнинг жавобгарликка тортилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга, турли ноқонуний ҳолатлар, фирибгарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида формали кийим-бошлар билан боғлиқ қоидалар янада тартибга солинади, уларни қонунга хилоф равишда кийиб юриш ёки жорий этиш ҳолларининг олдини олади, мазкур қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади.
Муҳокамалар давомида кўтарилган саволларга тегишли жавоблар, тушунтиришлар берилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА