Формали кийим-бошдан фойдаланиш ва ҳарбий хизматга оид лойиҳалар кўриб чиқилди
Парламент қуйи палатаси мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 209¹-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси формали кийим-бошлардан фойдаланиш тартиб-қоидаларига оид.
— Айрим ташкилотлар, идоралар, ҳатто айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган формали кийим-бошга адаштириб юбориш даражасида ўхшаш кийим-бошлардан фойдаланиш ёки айрим ташкилотлар томонидан ўз ходимлари учун шундай кийим-бошларни жорий этиш ҳолатлари кузатилмоқда, — деди қўмита раиси У.Шерматов. — Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг тасдиқланган ҳарбий ёки идоравий формали кийим-бошига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш ҳамда унга хос фарқловчи белгилар ва (ёки) рамзларга эга формали кийим-бошни жорий этганлик ёки ундан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, давлат хизмати обрўсини ҳимоя қилиш ҳамда формали кийим-бошлардан ноқонуний ва ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан олий ҳарбий, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар тизимида муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказиладиган “Маънавият қалқони” китобхонлик танловининг республика босқичида биринчи, иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллаган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартириш назарда тутилмоқда.
Муҳокамалардан сўнг ҳар иккала қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА