Форишда “Уч олам жилоси” кўчма фотокўргазмаси очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Фориш туманида “Фориш — уч олам жилоси” номли кўчма фотокўргазма очилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир ҳудуднинг туризм салоҳияти ва бетакрор табиатини кенг тарғиб этишга қаратилди.
Фориш тумани маҳобатли Нурота тоғлари, Айдаркўл ва Қизилқум кенгликлари туташган ўзига хос табиий ҳудуд сифатида ажралиб туради. Кўргазмада ана шу гўзал манзаралар фоторассомлар нигоҳида акс этган суратлар намойиш этилмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида Фориш тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шавкат Узоқов бу каби ижодий лойиҳалар ҳудуднинг ўзига хос қиёфасини намоён этиш, ёш авлоднинг эстетик дидини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Экспозициядан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Зафар Рўзиқулов ҳамда унинг фарзанд ва шогирдларининг ижодий ишлари ўрин олган. Суратларда Форишнинг тоғ, сув ва чўл манзаралари бир бутун табиий уйғунликда тасвирланган.
[gallery-30273]
— Ушбу фотоасарлар юртимиз табиатининг беқиёс гўзаллигини намоён этиш билан бирга, қалбларда Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотади, - дейди “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари фотомухбири Ботир Қудратов. — Кадрлардаги манзаралар томошабинни юрт табиатини асраб-авайлашга ундайди.
Кўргазма доирасида фотосанъатга қизиқувчи ёшлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди. Унда замонавий фотография йўналишлари, композиция яратиш ва ёруғлик билан ишлаш усуллари ҳақида маълумот берилди.
Икки кун давом этган маданий тадбир якунида бу каби қўшма кўргазмаларни вилоят миқёсида мунтазам ташкил этиб бориш режаси белгиланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА