Fitch Ratings баҳоси: "Uzbekistan Airports" АЖ халқаро майдондаги ишончини янада мустаҳкамлади
Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings "Uzbekistan Airports" акциядорлик жамиятининг узоқ муддатли кредит рейтингини “BB” даражасида тасдиқлаб, рейтинг прогнози “Барқарор” (Stable) даражасидан “Ижобий” (Positive) даражасига оширди.
Бу қарор компания фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро молия институтлари томонидан юқори баҳоланаётганининг яна бир муҳим тасдиғи бўлди.
Сўнгги йилларда “Uzbekistan Airports” томонидан молиявий барқарорликни таъминлаш, корпоратив бошқарувни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, молиявий ҳисоботларни халқаро талабларга мослаштириш ҳамда операцион самарадорликни ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Fitch Ratings” айнан шу омилларни рейтинг прогнози яхшиланишининг асосий сабаблари сифатида эътироф этди.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур қарор нафақат компаниянинг молиявий салоҳиятини, балки Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётганини ҳам намоён этади. Шунингдек, мамлакат транспорт ва авиация инфратузилмасини ривожлантиришда “Uzbekistan Airports” стратегик аҳамиятга эга экани яна бир бор халқаро даражада тасдиқланди.
Рейтинг прогнозининг “Ижобий” даражага кўтарилиши компания учун янги имкониятларни очади. Хусусан, халқаро капитал бозорларидан маблағ жалб қилиш, йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, хорижий инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари ортади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда аэропортлар инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва халқаро авиация бозорида рақобатбардошликни кучайтириш бўйича кенг қамровли ишлар давом этмоқда. “Fitch Ratings”нинг мазкур баҳоси ана шу ислоҳотларнинг тўғри йўналишда олиб борилаётганини кўрсатувчи муҳим халқаро эътироф сифатида баҳоланмоқда.
“Uzbekistan Airports” келгусида ҳам молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, замонавий корпоратив бошқарув тамойилларини янада кенг жорий этиш ҳамда мамлакат аэропортларини халқаро талаблар даражасида ривожлантириш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттиришни режалаштирмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА