Финландия элчиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов Финландия Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Хелсинки шаҳрида жойлашган) этиб тайинланган Илкка Ряйсяненни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайтида хабар берилган.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари ишонч ёрлиғини қабул қилар экан, Элчини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга муваффақият тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати ва алоқани янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Финландия ўртасида иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш, жумладан, ўзаро савдо миссиясини ташкил этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани эътироф этилди. Ўзбекистонда Финландия олий ўқув юртлари филиалларини очиш, икки томонлама диплом бериш дастурларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Турли даражада бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
ЎзА