Фидойилик челленжида – журналистлар
Улар ишламаса ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлади.
Улар ишламаса ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлади
Бу челленж ижтимоий тармоқларда ўзига яраша тўлқин ҳосил қилган мавзулардан бири бўлди, десак хато бўлмайди. Бу сўзлар бошқа касб эгалари томонидан давом эттирилиб, ҳатто ҳазил-мутойибалар билан ҳам бойитилди.
Халқимиз учун ҳам чорлов, ҳам топшириқ маъносида давом этаётган #Уйда_қолинг челленжига шифокорлар ташаббуси асос бўлган бўлса, ажаб эмас.
Ҳаётимизда ҳар бир касбнинг ўзига яраша ўрни бор. Бироқ, коронавирус панадемияси билан боғлиқ вазиятда шифокорлар биз учун нақадар керакли касб эгалари эканини ҳис этдик. Тунни тонгга улаб меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари олдида бугун халқимиз таъзимда.
Албатта, халқимизнинг тинчлиги йўлида, уларга зарур ресурсларни етказиб бериш борасида фидойилик кўрсатаётган заҳматкашлар ҳам бор. Аксарият ишчи ва ходимлар уйда қолса ҳам улар уйда қола олмайди. Ахир улар ишга бормаса, кундалик ҳаётнинг мароми бузилади.
Яна шундай касб эгалари борки, улар уйда қолса ёки бекор ўтирса, ҳаёт тўхтаб қолгандек бўлади. Улар – журналистлар!
Ахир бугун тиббиёт ниқобига эҳтиёж қанчалик долзарб ва кучли бўлса, энг сўнгги ахборотга ёки кўнгилочар кўрсатувларга одамларнинг эҳтиёжи шунчалик баланд. Бу эҳтиёжни қондириш учун эса журналистларнинг аксарияти уйда қола олмайди. Улар ишга бориши керак. Газета ва сайтлар журналистлари балки уйда ўтириб хабар ва мақолалар ёзар, бироқ телерадиоканаллардаги кўплаб кўрсатув ва эшиттиришлар техника воситалари билан бевосита боғлиқ.
Барча телеканаллар, Халқаро пресс-клуб сессиялари, радиоканаллар ҳозирги кунда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ энг долзарб саволларга жавоблар майдонига айланди. Ўнлаб сайтлар, блоглар орқали тезкор ахборот етказилмоқда.
“Koronavirus Info | Uyda Qoling!” телеграмм канали эса ҳар биримиз янги хабар кутадиган муҳим тармоққа айланиб улгурди.
Бугун уйда қолиб ишлар эканман, кўчадаги хатардан қўрқмай ишга отланган, қайноқ иш жараёнида фидойилик кўрсатаётган ҳамкасбларим ҳақида ўйладим. Улар билан онлайн боғланиб, ишларини бироз кузатган бўлдим.
- Уйда қолинг, чақириғидан сўнг биз ходимларни мажбуран эмас, ихтиёрий равишда ишлашини ташкил этишга қарор қилдик, – дейди “Ёшлар” телерадиоканали “Давр” информацион дастури бош муҳаррири Тўлқин Алибеков. – Кўпчилик ишга чиқмаса керак, деб ўйлагандим. Бироз янглишибман. Журналистларимизнинг ярмидан кўпи ишлайман, деган ташаббус билан чиқди. Ишга чиққан ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур шарт-шароит таъминланмоқда. Тиббиёт ниқоблари, антисептик гель ҳамда транспорт воситалари ишхона ҳисобидан ажратилмоқда.
“Менинг юртим-5” телеканали жамоаси асосан ёшлардан ташкил топган бўлса ҳам уларда ҳам фидойиликни кузатиш мумкин.
Радиоканаллар, хусусан, “Ўзбкистон-24” радиоканали ижодкорлари “Биз сиз учун ишлаяпмиз, сиз бизни уйда тингланг!” деган шиор билан туну кун жонли эфирдалар.
Ижоддан, фидойиликдан толманг, азиз ҳамкасблар!