Фидойилар меҳнати эътироф этилди
11 ноябрь - Касаба уюшмалари куни
Меҳнат жамоасида ходимни ижтимоий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва меҳнат муносабатларидаги хуқуқларни таъминлашда Касаба уюшма ташкилотларининг ўрни муҳим.
Президентимиз томонидан 2020 йил 23 ноябрь куни имзоланган Қонунга асосан юртимизда 11 ноябрь - Касаба уюшмалари куни этиб белгиланган. Қонунинг қабул қилиниши касаба уюшмалари ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, янада самарали фаолият юритишини таъминлаш, таълим соҳасидаги ташкилот ходимларини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шу муносабат билан таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Тошкент шаҳар Олмазор туман бўлинмаси Кенгаши томонидан байрам тадбири ўтказилди.
Унда таълим соҳасида жамоатчилик асосида ишлайдиган бошланғич касаба уюшмалари раислари иштирок этди. Тадбирда сўнги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир соҳани қамраб олгани, касаба уюшмалари тизимида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани қайд этилди. Эътибор натижасида касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айлангани таъкидланди. Концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир якунида муайян бир соҳада кўп йиллар меҳнат килиб келаётган, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, касаба уюшмаси фаолиятини ривожлантириш йўлида изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббускорлиги, меҳнат жамоасидаги обрў-эътибори ва жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб келаётгани учун касаба уюшмаси фаоллари рағбатлантирилди.
ЎзА