Фидойилар эътироф этилди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан тақдирланган юртдошларимизга мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
Президентимизнинг шу йил 22 августда қабул қилинган фармонларига кўра, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланганди. Жумладан, Самарқанд вилоятидан 27 нафар юртдошимиз давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлди. Шунингдек, турли соҳаларнинг 3 мингдан ортиқ вакиллари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.
Вилоят ҳокими А.Бобоев маросим қатнашчиларини Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги ва юксак мукофотлар билан табриклади.
– Шарқ гавҳари, дунё цивилизацияси ва илм-фан бешикларидан бири бўлган Самарқанд бугун Янги Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган ҳудуди, халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда, – деди вилоят раҳбари. – Вилоятимиздаги улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги изчил ўсиш суръатлари таъминланишида сиз – фидойи ва меҳнаткаш самарқандликларнинг ҳиссангиз беқиёс. Бундай фидойилик эса ҳеч қачон эътибордан четда ёки рағбатсиз қолмаган. Ушбу қутлуғ ва шодиёна кунларда сизларга ва сизлар орқали оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ ва мазмунли умр, хонадонларингизга тинчлик-омонлик тилайман.
Маросимда давлат мукофотлари ва эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали топширилди.
– Яратганга шукр, қарийб 90 ёш остонасида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги эсдалик нишонини олиш насиб этди, – дейди меҳнат фахрийси Марям Шодиева. – Шу пайтгача давлат идораларида, жамоат ташкилотларида ишлаб, меҳнатларим эътироф этилди, кўп орден ва медаллар билан тақдирландим. Лекин бугун Мустақилликнинг 1 йиллиги эсдалик нишонини тақиб келдим ва унинг ёнига 35 йиллик нишон қўшилди. Ана шу ўттиз беш йилнинг ҳар бир йили жонажон Ватанимиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз изини қолдирган, шу давр мобайнида нафақат мамлакатимиз янгиланди, балки бизнинг онгу дунёқарашимиз ҳам ўзгарди, қалбимизда мустақил Ўзбекистоннинг фуқаросиман, деган фахр пайдо бўлди. Эсдалик нишонлар менга ўттиз беш йиллик тарихни эслатяпти.
“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини топшириш маросимлари вилоятнинг туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳам ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири