Фидойи ва куйинчак ижодкор
Журналист бўлиш осон эмас. Айниқса, аёл киши учун бу соҳанинг қаттиқ нонини ейиш нақадар мураккаб экани кўпларимизга яхши аён.
Ҳар ҳолда пресс-релизу интернет, телеграму ижтимоий тармоқлар ҳали иш жараёнига жорий этилмаган пайтларни назарда тутсак, ўз даврида бу соҳани танлаган устозларимиз, онахон журналистлар ҳозиргидан кўра неча карра қийинчиликларни енгиб, ўз касбига фидойилик ва садоқат билан хизмат қилганини тасаввур этиш қийин эмас.
Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин опа Ҳожиева адабиёт билан бирга миллий масс-медиа соҳасида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келган устоз ижодкорларимиздан биридир. Китобга, адабиётга бўлган чексиз меҳри, интилувчанлиги, билимга чанқоқлиги, изланишдан тўхтамаслиги, ўзига, ижодий фаолиятига нисбатан ғоят талабчанлиги уни етук журналист, халқимизнинг суюкли шоираси қаторига қўшди, десак янглишмаймиз.
Ҳали умумтаълим мактабида таълим олиб юрган кезларидаёқ, унинг жонажон Ўзбекистонимиз, она табиатимиз, меҳнатсевар халқимиз, оддий қишлоқ аёллари, ёшлар ҳаётига оид ёзган шеърлари атоқли шоир ва ёзувчилар, адабиёт дарғаларининг эътиборига тушди. Орзулари ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети сари етаклади.
Талабалик давридаёқ фаол ижодкор бўлган Ойдин опа ёшлар ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари ҳақида мақола, очерк, лавҳалар ёзиб, республикамиздаги етакчи нашрларда иштирок этади. Устоз ижодкор “Шарқ юлдузи” журнали, “Ёш гвардия”, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида самарали фаолият кўрсатди.
Журналистика, наинки, маҳорат билан мақола ёзиш, балки босма нашрларнинг турли нозик ва ўзига хос жиҳатларини пухта эгаллаш, полиграфик-ноширликка доир билимларнинг ҳам соҳиби бўлишни талаб этади. Бу жиҳатдан Ойдин опага унча- мунча муҳаррир, техник муҳаррир, дизайнерлар тенг кела олмайди, десак янглишмаган бўламиз.
Опа узоқ йиллар “Саодат” журналида халқимизнинг суюкли шоираси Зулфияхоним билан биргаликда меҳнат қилгани нашрнинг катта миллионли аудиторияси, мухлислар билан муносиб тарзда муомала қилиш маҳоратини янада чархлади. Ўша йиллари хизмат сафари билан ҳудудма-ҳудуд, вилоятма-вилоят, қишлоқма-қишлоқ юриб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, айниқса, олис жойлардаги аёллар манфаатини, улар ҳаётига оид долзарб масалаларни кўтариб чиқиш, ногиронлик, ишлаб чиқариш объектларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш устоз журналистнинг танқидий мақолаларида, йўлда ёзилган очеркларида, лавҳаларида бош мавзуни ташкил этганди. Ойдин опа Ҳожиеванинг ўткир сўзи билан кимнингдир поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқлари,бошқа бировининг оилада, меҳнат жамоасида қадди тикланди. Яна қанчадан-қанча ёш ижодкорлар ўз йўлини топди.
Ойдин опа кўп йиллар мобайнида болаларнинг севимли нашри – “Гулхан” журналида бош муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатди. Ўқувчи-ёшлар ҳаётига оид қайноқ мавзулар, кўпчиликни ўйлантираётган саволларга жавоблар, болалар адабиётининг энг сара намуналари ўша йилларда журнал саҳифаларидан кенг ўрин олгани айнан Ойдин опанинг меҳнати ва жонбозлиги натижасидир. Тўғриси, болалар учун уларнинг ўзига мос, қизиқарли, ҳам фойдали, нафи тегадиган тарзда ёзиш осон эмас. Ўша йилларда чоп этилган “Гулхан”нинг ҳар бир китобчасида бу жиҳатлар ўзининг амалий ифодасини топгани билан ҳам қадрлидир.
Опадаги қатъият, ишга, ижодга нисбатан ғоят талабчанлик, темир интизом, ҳалол муносабат кейинчалик у бош муҳаррирлик қилган “Саодат” журнали, “Гулчеҳралар” газетасида ҳам ўз аксини топди. Устоз ижодкор қанчадан-қанча ёш ижодкорларга меҳр ва эътибор кўрсатди. Уларнинг журналистикадаги катта ва мустақил, дадил одим ташлаши йўлида заҳмат чекди.
Бугунги шиддатли, техника ва технологиялар жадал ривожланган бир пайтда Ойдин опадаги ўз касбига садоқат, фидойилик, метин интизом, ростгўйлик, ҳар бир ишни пухта бажариш, вазифага ҳалол ва фидойилик билан ёндашиш каби фазилатлар журналистиканинг ҳам доимий олтин қоидаси бўлиб қолаверади.
«Онам севган қўшиқ» (1972), «Орзу гули» (1974), «Тароват» (1976), «Достонлар» (1980), «Мушфиқ онажон», «Хушхабар» (1983), «Чашмаларни излайман» (1986), «Тамал тоши» (1988), «Ишонч юлдузлари» (1989), «Кўзимнинг оқу қораси» (1996), «Паноҳим» (1998) каби асарлар муаллифи бўлган устоз ижодкор 1999 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб топилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида суюкли устозимиз, толмас ижодкор Ойдин опа Ҳожиева “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бу эса мамлакатимизда ҳар бир ижодкор аёл давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборида эканининг яна бир ёрқин ва амалий ифодасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА