Фидойи кексалар эл ардоғида
Кексалари бор уйда файз, барака бўлади. Улар ҳаётлари давомида тўплаган тажрибалари билан ёшларга ибрат бўлишади. Фарзандлар, набиралар қуршовида умрининг гўзал дамларини ўтказиш ҳамма учун орзу, албатта. Дуо олган инсон дунёда зорлик ва хорлик нималигини билмаслиги ҳам бор гап.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Тўрақўрғон тумани, Чуст-кўприк маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Халчахон Мирзаевани йўқлаб, байрам билан табриклади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ҳаётий тажрибага эга бўлган Халчахон ая 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида тумандаги “Наврўз” ширкат хўжалигида ҳалол меҳнат қилди. Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатига эътибор қаратилиши натижасида 2002 йилда “Хадича ая” фермер хўжалигини ташкил этди. Суяги меҳнатда қотган, ерга меҳр берган матонатли аёл бунинг натижасида элда азиз бўлди, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлди.

Онахоннинг хонадонида бўлиб ўтган самимий мулоқот чоғида бугунги кунда фермерларга яратилаётган шароитлар ва эришилаётган ютуқлар, янгиликлар ҳақида сўз юритилди. Вилоят раҳбари Халчахон аядек забардаст фахрийлар, аграр соҳа билимдонларининг билими ва ҳаётий тажрибаларини кенг оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Халчахон ая ўз тажрибасини ёшларга ўргатишга тайёрлиги, бугунги йўқлов учун миннатдор эканлиги, бундай эътибор кексаларнинг умрини узайтиришини билдириб, дуога қўл очди.

Вилоят ҳокими иштирокидаги мана шундай йўқловлар Наманган туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси Фарида Аҳмедова ҳамда Давлатобод туманининг Елхон маҳалласи кайвонийси, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Хосият Аҳмедова хонадонларида ҳам ташкил этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА