“FIDE Excellence Awards” мукофотига номизодлар рўйхати тасдиқланди
Халқаро шахмат федерацияси томонидан эълон қилинган “FIDE Excellence Awards” мукофотларига тавсия этилганлар қаторидан мамлакатимиз вакиллари ҳам жой олди.
Хусусан, эркаклар ўртасида “Энг яхши шахматчи” танловида Фабиано Каруана, Магнус Карлсен, Арджун Эригайси, Алиреза Фирузджа, Аниш Гири, Гукеш Доммараджу, Винсент Кеймер, Прагнанандхаа қаторида Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторов номи келтирилди.
Шунингдек, истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров “Йил кашфиёти”, Ўзбекистон шахмат федерацияси “Энг яхши миллий федерация” танловида, мамлакатимиз шахмат терма жамоаси “Энг яхши жамоа” номинацияларида қайд этилгани эътиборли воқелик бўлди.
Дунё бўйлаб шахмат ҳамжамиятининг ажойиб ютуқлари, шахслари, тадбирлари, жамоалари, федерациялари ва ташаббусларини эътироф этадиган олтита оддий ва бешта қўшимча тоифадан иборат ўн битта номинацияни жамлаган “FIDE Excellence Awards”нинг ҳар бир йўналишида ҳакамлар ҳайъати томонидан танланган ўнта номзод иштирок этиши белгиланган.
“FIDE Excellence Awards”нинг илк мукофотлари 2024 йил сентябрь ва 2026 йил август ойлари оралиғида шахмат оламида ютуқларга эришганлар махсус комиссия томонидан танланиши келтириб ўтилди.
Номинацияларда ғолибликни қўлга киритганлар жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида ташкил этиладиган FIDEнинг "Ажойиб ютуқлар учун" расмий маросимида эълон қилиниб, “FIDE Excellence Awards” мукофотлари билан тақдирланади.
Т. Рўзиев, ЎзА