Фестивалга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда
Aйни кунларда 25-30 август кунлари Самарқандда бўлиб ўтиши режалаштирилган «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўрилмоқда.
Фестиваль доирасида 27-28 август кунлари «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу нуфузли конференцияни юқори савияда ташкил этиш ва унга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шерманов бошчилигида конференция ташкилий гуруҳи билан йиғилиш ўтказилди.

Унда «Шарқ тароналари» ХIII халқаро мусиқа фестивали доирасида конференцияга таклиф этилаётган хорижий ва маҳаллий олимлар билан мунтазам алоқада бўлиш, келаётган илмий мақолаларни саралаш, муносибларини эса таҳрирлаш ва бошқа ташкилий масала ҳамда вазифалар борасида келишиб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА