Фестиваль доирасидаги тадбирлар давом этмоқда
Айни кунларда Оролбўйи ҳудудида «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида давом этаётган анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида маданият марказлари, музейлар ҳамда таълим масканларида бадиий кўргазмалар, таниқли рассомлар ва санъатшунослар билан учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.
Фестиваль доирасида Нукус шаҳридаги И.Савиский номидаги давлат санъат музейида таниқли рассом Абдулла Еримбетовнинг «Оламни маҳлиё айлаган диёр» номли кўргазмаси ҳамда «Тасвирий санъатда миллийликнинг акс этиши» мавзуидаги илмий конференция ташкил этилди. Унда санъат ва маданият соҳаси вакиллари, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.
[gallery-2151]
Тадбир иштирокчилари дастлаб рассом Абдулла Еримбетовнинг ижодий ишлари билан яқиндан танишди. Кўргазмада рассомнинг портрет, пейзаж каби жанрларда яратилган 50 дан ортиқ асари намойиш этилди.
«Тасвирий санъатда миллийликнинг акс этиши» мавзуидаги илмий конференцияда эса санъатшуносларнинг «Қорақалпоқ рассомларининг асарларида миллийликнинг ифодаланиши», «Ватан тупроғида яралган бадиий асарларгина боқийдир», «Қорақалпоқ ёш рассомлари» мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА