Фестиваль доирасида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
ІІІ “Лазги” халқаро рақс фестивали доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги, ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ халқаро маданият ташкилоти, Халқаро фестиваллар дирекцияси, Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида халқаро илмий анжуман ташкил этилди.
Анжуманда АҚШ, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Бразилия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Қирғизистон, Қозоғистон, Малайзия, Миср, Покистон, Россия, Туркия, Туркманистон, Франция, Швеция, Корея каби қатор давлатлардан ташриф буюрган санъатшунос олимлар, хореография соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда республикамиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар, магистрантлар ва талабалар ҳам фаол қатнашди.
Икки кун давом этган халқаро илмий-амалий конференциянинг асосий мақсади “Хоразм лазги рақси”нинг “Авесто” билан туташ уч минг йиллик тарихи, унинг эстетик-этнографик хусусиятларини ўрганиш, янги қирраларини кашф этишдан иборат. Шунингдек, “Лазги” туркуми каби ноёб маданий мероснинг азалий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, бу борада амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларида инновацион усулларни тавсия этиш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошликни мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик ва маданий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.
[gallery-29032]
– Маълумки, Хоразм тарихи ниҳоятда бой, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова. – Қадимги юнон тарихчиси Геродот ўз асарларида Хоразм ва хоразмийлар ҳақида муҳим маълумотлар қолдирган. Абу Райҳон Беруний каби алломаларнинг тарихий манбаларида “Лазги” мусиқаси ва рақсига оид маълумотларни ўқиб, ҳайратга тушганман. Бу менга илҳом бериб, бир неча йил аввал “Офатижон Лазги” номли китобни ёзишимга туртки бўлди. Ростини айтсам, “Лазги”га бундай эътибор қаратилиши ва унинг жаҳон миқёсида кенг тарғиб этилиши бу даражага етади, деб ўйламаган эдим. Айниқса, Президентимиз томонидан “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани бу борада муҳим қадам бўлди. Бугун эса дунёнинг турли мамлакатларидан келган мутахассислар ўзбек миллий санъатини, хусусан, Хоразм санъатини ўрганмоқда.
Мамлакатимиз рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган “Хоразм лазги рақси” ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам кенг танилган. ЮНЕСКО томонидан унинг инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам ушбу санъат турининг бетакрорлигини тасдиқлайди.
Халқаро илмий-амалий конференция иши “Хоразм “Лазги” рақси: тарихий-фалсафий ва миллий-маданий омиллар”, “Глобаллашув шароитида хореография санъати тараққиёти”, “Лазги” феномени: номоддий маданий меросни асрашнинг инновацион стратегиялари” каби шўъбаларда давом этди.
Анжуманда АҚШ, Озарбайжон, Ҳиндистон, Индонезия, Қирғизистон, Қозоғистон, Малайзия, Миср, Покистон, Россия, Туркия, Туркманистон, Швециядан ташриф буюрган санъатшунослар ва маҳаллий олимлар маърузалар билан иштирок этди. Шунингдек, Беларусь, Бразилия, Франция, Корея каби давлатлардан етук мутахассислар ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда қатнашди.
– Дунё мамлакатларидан халқ артистлари, профессор ва доцентлар иштирок этаётган мазкур анжуман доирасида ТУРКСОЙ ташаббуси билан “Туркий дунё халқлари рақслари онтологияси” китоби устида иш олиб борилмоқда, – дейди ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бўлим бошлиғи Арман Нурмуҳаммад. – Бу олти жилдли йирик лойиҳа бўлиб, олти йил давомида турли давлатларда нашр этилиши режалаштирилган. Унинг асосий мақсади туркий халқлар рақс санъатини тизимлаштириш ва келажак авлодга етказишдан иборат. Натижада талабалар ўз миллий рақслари билан бир қаторда ўзбек, қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон ва бошқа халқлар рақсларини ҳам ўрганиш имконига эга бўлади. Бу эса маданиятлар ўзаро бойишига, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Конференция доирасида соҳа мутахассислари, санъатшунос олимлар ва тадқиқотчилар томонидан жаҳон халқлари санъати, ўзбек миллий рақс санъати тарихи, “Хоразм лазги рақси”нинг шаклланиш босқичлари, эстетик-этнографик хусусиятлари, миллий-маданий жиҳатлари, маросим ва фольклор рақслари, уларнинг ифода услублари, рақс таълими, мусиқа маданияти ҳамда замонавий санъатшунослик масалаларига оид 200 дан ортиқ илмий мақола тақдим этилди. Уларнинг 116 таси таҳририят томонидан саралаб олиниб, нашрга тавсия этилди.
ІІІ “Лазги” халқаро рақс фестивали доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари