Фермернинг қарздорлиги тўлиқ бартараф этилди
Маълумки, мажбурий ижро бюроси ижро ҳужжатлари талабларини ўз вақтида бажариш, мол-мулкингиз хатланиши ва аукцион савдоларига чиқиб кетишининг олдини олади.
Шу жиҳатдан Хоразмда бюронинг Янгибозор туман бўлими томонидан давлат манфаатлари ва корхоналар ҳақдорлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бюронинг давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида йирик миқдордаги қарздорлик бартараф этилди.
Ижро ҳужжатларига кўра, тумандаги “Оллошукур Соҳиба” фермер хўжалигининг жами 244,7 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, ушбу маблағнинг 158,3 млн сўми давлат фойдасига солиқ қарздорлиги ҳамда 86,3 млн сўми “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ олдидаги қарз эканлиги қайд этилган.
Қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги сабабли, давлат ижрочиси томонидан қатъий чоралар кўрилди. Фермер хўжалигига тегишли бўлган, Янгибозор тумани “Чўпболончи” массивида жойлашган жами 65,6 гектар ер майдонини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи хатланди.
Мазкур ер майдонининг норматив қиймати мутахассислар томонидан 1,8 миллиард сўмдан зиёд деб баҳоланди ва жорий йилнинг 15 апрель куни “E-AUKSION” электрон савдо майдончасига чиқарилди.
Бу пайтда ўз тасарруфидаги ер майдонидан айрилиш хавфи ва мажбурий ижро ҳаракатларининг самараси ўлароқ, “Оллошукур Соҳиба” фермер хўжалиги раҳбарияти тўғри хулоса чиқарди. Натижада, ижро ҳужжатида кўрсатилган барча қарздорлик суммалари тўлиқ бартараф этилди.
Қарздорлик тўлангани муносабати билан ижро иши амалда тамомланди ва ер майдонига қўйилган чекловлар бекор қилинди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА