Фермерлик ҳаракати – тараққиёт омили
Қаршида “Мустақилликнинг 25 йиллиги: фермерлик ҳаракати – қишлоқларимизнинг ривожланишида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Қаршида “Мустақилликнинг 25 йиллиги: фермерлик ҳаракати – қишлоқларимизнинг ривожланишида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуни, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
– Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Рустам Қобилов. – Жорий йилнинг биринчи чорагида фермер хўжаликларининг экин майдонлари унумдорлиги ва ер бонитети, контрактация шартномаларини бажариши, иш ўринлари яратиш бўйича таҳлиллар натижасига кўра, 17 минг 500 дан ортиқ янги фермер хўжалиги ва 250 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилган. Уларга 5,8 миллион гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Фермер хўжаликларида 1 миллион 400 мингдан зиёд киши иш билан банд. 1990 йилда аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган ғалланинг 82 фоизи, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг 50 фоиздан кўпроғи, сут ва сут маҳсулотларининг 60 фоизи, картошканинг 50 фоизи четдан келтирилган бўлса, ҳозирги кунда ана шу маҳсулотлар тўлиқ юртимизда етиштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 29 декабрдаги 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига кўра, 2020 йилга қадар 170 минг гектардан ортиқ пахта, 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш белгиланган бўлса, 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўз маҳсулотини қайта ишлаб дунё бозорига чиқариш истагида бўлган фермерлар учун янада кенг қулайликлар яратди.
– Бугунги кунда фермер хўжаликлари қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойнинг ўзида қайта ишлаш, қадоқлаш, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш ва шу орқали қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий турмушини янада яхшилашга ҳисса қўшмоқда, – дейди Қарши туманидаги “Шукрона” фермер хўжалиги раҳбари Ҳотам Жумаев. – Бунинг замирида ерга, меҳнатга муносабат ўзгаргани, деҳқончилик маданияти тобора юксалаётгани мужассам. Ғаллачилик ва пахтачиликда эришилаётган ютуқлар бунга мисол. 20 гектар майдонда “Яксарт” навли ғалладан мўл ҳосил етиштирдик. Ортиқча дон ўзимизда қолдирилаётгани ишчиларимизнинг даромадларини ошириш, турмушини янада фаровонлаштиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида вилоятдаги етакчи фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.