Фермер ая кимлардан ранжийди?
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманидаги “Ғалаба” қишлоғида яшовчи Роҳатой ая Назаровани ёшу-қари яхши танийди. Жонкуяр ая 40 йил ўз қишлоғидаги «Райҳон» номли болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган. Марҳум турмуш ўртоғи Ширинбой ота Дўстназаров билан 5 нафар фарзандни оқ ювиб-тараб, ўқимишли, касб-ҳунарли, ишбилармон қилиб тарбиялади, 11 набиранинг дуогўй, маслаҳатчи, севимли бувижониси бўлди.
Нафақага чиққандан сўнг, 1999 йилда жамоа хўжалигидан 6 гектар ер олиб, оилавий пудрат асосида меҳнат килди. 2005 йилларда яна 7 гектар ер олиб «Роҳатой Назарова» фермер хўжалигини ташкил этди. Деҳқончилик йўл-йўриқларини пухта ўрганиб олган ая, кейинчалик 60 гектар ерни тендерда ютиб олиб, яна астойдил енг шимариб меҳнат қила бошлади. Қишнинг совуғи, ёзнинг жазирама иссиқ кунлари ҳам асл деҳқоннинг иродасини бука олмади. Фермер хўжалиги жамоаси бир тан, бир жон бўлди.
Даладан шом қоронғусида уйга қайтгач, ўз томорқасида картошка, пиёз, карам, саримсоқ, помидор, лавлаги каби сабзавот экинларини етиштириб рўзғоридан ортганини бозорларда сотиб даромад қилди.

– Меҳнат қилиб кам бўлмадик, – дейди Роҳатой ая. – Фарзандларим, келинларим, набираларим ҳам бир зум бўш ўтирмай фойдали меҳнат билан банд бўлди. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Маҳалла-кўйда ҳурмат топиб, кўпчиликка ибрат бўлдик. Айрим аёллар ва ёшларга ҳайронман. Ногиронларни тушунаман, лекин тўрт муччаси соғ бўла туриб меҳнатга бўйни “ёр бермай” кимнингдир қўлига қараб, муте бўлиб ўтирган одамларнинг “иш”идан қаттиқ ранжийман. Бутун оиламиз билан умр бўйи, кечаю-кундуз меҳнат билан бандмиз. Чунки саодатнинг калити меҳнатдадир.
Бу оила ферма ташкил қилган. Унда курка, товуқлар, қўчқорлар, соғин сигирлар, новвослар, 47 та отни кўриб, ҳайратимизни яшира олмадик.
– Ҳаммаси фарзандларим ва набираларимнинг меҳнатлари самараси, – дейди Роҳатой ая. – Боғда экилган гилос, олма, нок, ўрик, беҳи, анор, узум, шафтоли каби 300 дан зиёд мевали дарахтнинг мавжудлиги Назаровлар оиласининг хақиқий миришкор боғбон эканлигидан далолат беради. Улар томорқасида мевали дарахтлар кўчатини етиштириб, қариндош-уруғларига, маҳалладошларига, таниш-билишларига текинга тарқатади. Уларнинг ҳам ҳовлисида ўзиники каби боғлари бўлишини истайди. Олтмиш саккиз баҳорни кўрган Роҳатой ая жамоат ишларида ҳам фаол. Халқ депуталари Сайхунобод тумани Кенгашининг депутати сифатида ҳам ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Роҳатой Назарова ёрдамга муҳтож, қийналиб қолган маҳалладошларига ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб келади, уларга меҳнат қилиш кераклигини таъкидлайди. Ўтган йили Сардоба сув омбори ўпирилиши натижасида кўмакка муҳтож бўлган оилалардан ҳам ёрдамини аямади.
Меҳнаткаш, тиниб-тинчимас ўзбек аёли сабр билан меҳнат кишининг елкасига офтоб тегишига сабаб, деб билади. Ҳамиша шукр этиш кераклигини айтади.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА