Федерация «Истеъмолчи дафтари»ни жорий этмоқчи
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси «Фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат» бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида фуқаро мурожаатлари билан ишлашнинг «маҳаллабай» тизимини жорий этишга қаратилган «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқди. Бу ҳақида федерация матбуот хизмати хабар бермоқда.
Федерация томонидан ҳар бир маҳалла кесимида яна бир лойиҳа «Истеъмолчи дафтари» шакллантирилади.
«Истеъмолчи дафтари» – маҳалладаги мавжуд хонадонлар кесимида, аҳоли (истеъмолчилар)га уй-жой, коммунал хизмат, сервис ва хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ва коммуникация, савдо ва умумий овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муаммоларни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этилиши бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш учун, истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи ўзаро муносабатлар бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилиш ҳолати ва натижадорлигини белгиловчи пасспорт ҳисобланади.
Мазкур лойиҳада фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик асосида маҳаллий ҳокимликлар кўмагида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этиш, маҳаллабай кесимида «Ҳуқуқий маслаҳат» марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.