Фахрийлар Самарқандни зиёрат қилди
Жиззах шаҳридаги бир гуруҳ фаол меҳнат фахрийлари– вилоят бошқарма ва ташкилотларидаги фахрийлар жамоатчилик кенгашларининг раислари, вилоят “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик кенгашининг фаол аёллари учун “Нуронийлар ҳафталиги” доирасида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Нуроний отахон ва онахонларнинг азим Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳати мамлакатимиз биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилишдан бошланди. Марҳумнинг қабрига гуллар қўйилиб, ҳаққига хатми Қуръон қилинди, У кишининг Ватанимиз мустақилликка эришиши, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги амалга оширган хизматлари ёдга олинди.
Жиззахлик нуронийлар буюк соҳибқирон Амир Темур мақбарасини, Бибихоним, Мирзо Улуғбек, Ҳазрати Дониёр муқаддас қадамжоларини, Регистон майдони, Тиллақори мадрасасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда бунёд этилаётган “Самарқанд Cити” шаҳарчаси жиззахлик нуроний саёҳатчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Янги Ўзбекистон шарафига Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан барпо этилган бу масканни мўъжизалар макони, деб айтиш мумкин. Унга кирган киши нафақат мириқиб томоша қилади, завқланади, балки маънавий озиқ ҳам олади, илму маърифат сарчашмаларидан баҳраманд бўлади.
[gallery-19648]
– Ҳукуматимизнинг биз нуроний отахону онахонларга бўлган эътибор ва ғамхўрликларини қалб-қалбимиздан ҳамиша ҳис қилиб турамиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист Абдулла Аҳмедов. – Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугунги кунда меҳнат фахрийлари бўлган нуронийларимизга бир қатор имтиёзлар берилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Жумладан, уларнинг соғлиғини тиклаш мақсадида кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Нуронийлар бир йилда бир маротаба мамлакатимиздаги ўзи истаган санаторияда соғлиғини тиклаш имкониятига эга бўлди. Бу каби эътибор ва ғамхўрликдан албатта бошимиз кўкка етади, ўзимизни жамиятнинг фаол ҳамда энг ардоқли кишилари деб ҳис қиламиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари