Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги Лайлакхона маҳалласида яшайдиган Жанғил Умаралиева ўттиз йил 7-мактабда ўқувчиларга сабоқ берди. Бироқ йигирма йил бўлмоқдаки, ҳаракати чекланиб қолган. Фидойи устоз бу синовга дош бериб, ҳаётини қўшниларининг, фарзандларининг мактабда ўқиётган болажонлари билан ўтказмоқда. Уларга қўшимча сабоқ бериб, мазмунли умр кечирмоқда.
Ўттиз йиллик педагоглик тажрибасига эга муаллима ҳаётидан, тақдиридан асло нолимайди. Аксинча, ҳар бир кунга шукрона айтиб яшайди. Илмга чанқоқ ўқувчиларга уйида фан сирларини ўргатиб, уларни чуқур билим ва юксак маънавиятга эга авлодлар этиб тарбиялашга ҳисса қўшаётганидан қувонади.

–Мамлакатимизда ҳозир юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни шунчаки кузатиб яшашни ўзимга эп билмадим,–дейди Жанғил Умаралиева. –Гарчи, аравачада ҳаракатлансам-да, Янги Ўзбекистон учун чуқур билим ва заковатга эга келажагимиз эгаларини камолга етказишга кўмаклашишга ёрдам беришни ўзимга мақсад қилиб олдим. Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунлари уйимиз болалар билан янада гавжум бўлади. Бир-биримизга меҳр бераётганимиздан, улар мендан қўшимча дарс олаётганидан севиниб яшаяпман. Бу менинг ҳам, ўқувчи набираларимнинг ҳам ҳаётга қизиқишини, илмга интилишини кучайтирмоқда.

Қўшниларининг фарзандларию, ўзининг невараларига қунт билан дарс ўтаётган тажрибали собиқ педагог уларга математика ва адабиёт фанларидан сабоқ беради. Ҳар бир дарсга Жанғил момо алоҳида тайёргарлик кўради. Шу мақсадда ҳар куни ўқийди, изланади.
–Бир йилдан буён устоз Жанғил момодан математика фанини ўзлаштиришга ҳаракат қилаяпман,– дейди Севинч Ўролова. – Ёзги таътилда ҳар куни келиб, бу фанни янада чуқур ўрганаяпман. Устозимиз дарсларни бепул ўтади. Яхши ўқисак, ўргатганларини ўз вақтида ўзлаштирсак, жуда хурсанд бўлади. Қувончини яширолмай, бизга бахтли келажак тилайди.

Қишлоқ болаларининг қўлидан тутиб, уларга илм берган фидойи Жанғил момонинг шогирдлари айни пайтда халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб улуш қўшмоқда. Устоздан илм олаётган, пурмаъно ўгитларидан баҳраманд бўлаётган бугунги фарзандлар ҳам келажакда ана шундай етук инсонлар бўлиб камолга етишини кўз олдида гавдалантирадиган момо ўзини тетик ҳис этади. Умри шунчаки бемақсад ўтмаётганига, бир этак шогирдлар оғушида фаровон турмуш кечираётганига шукрона айтади.
Ёшликда танлаган касбини ҳамон эъзозлаб яшаётган Жанғил момонинг устозликни шарафлаётгани кўпчиликда ҳавас уйғотади. Бу соҳага меҳр қўйган инсон учун педагогликнинг мақоми улуғ эканини намоён этади. Гарчанд, ҳаракатлари чекланган бўлса-да, илм излаётган келажагимиз эгаларига ўз уйида бир йўла икки фандан бепул дарс бераётганини ҳаётидан нолийдиган тўрт мучаси соғ айрим инсонларга ибрат қилиб кўрсатса арзийди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири