Фахримсан, ифтихориман юртим байроғи
Навоий шаҳрида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида “Фарҳод” маданият саройидан Алишер Навоий хиёбонида ўрнатилган улкан байроқ майдонигача бўлган масофада вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлар, кенг жамотачилик вакиллари ва ёшлар Ватанимиз байроғини ҳилпиратган ҳолда “5000 қадам”юриш марофнида иштирок этишди.
“Фарҳод” маданият саройида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда миллий ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстлигини мужассам этганганлиги, унинг бугунги ҳаётимизда ва ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.
[gallery-9647]
Бугун байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Шунингдек, турли байрам ва тантаналарда, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида баланд кўтарилмоқда.
Айниқса, халқаро спорт ареналарида ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз шарафига мадҳиямиз янгираб, юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримизнинг қалбимизни ҳаяжон чулғаб, кўзларимиз намланганлиги рост.
Байроқдаги мовий ранг – мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзи бўлса, оқ ранг – тинчлигимиз, яшил ранг – табиатнинг янгиланиши, қизил чизиқлар эса давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат рамзидир.
Тадбирда санъаткорлар томонидан Ватанни, она юрт ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятининг 10 та шаҳар ва туманлари марказида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳилпираб турибди. Навоий шаҳри марказига ўрнатилган байроқнинг баландлиги тутқичи ва устуни билан биргаликда 62,5 метрни, бўйи 10 метр, эни 20 метрни ташкил этади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.