Фаррух Зокиров санъатда ҳамиша ёш ва шижоатли қолишнинг формуласини изоҳлади
Эксклюзив суҳбат
Кўксарой қароргоҳи, 15 апрель. Шу куни бу ердаги ҳар бир муҳташам зал ўзгача файзга тўлгандек бўлди. Президент иштирокида навбатдаги тантанали маросим ўтказилди.
Ўзбек санъатининг нафақат бир даври, балки бутун бошли тарихини ўзида жамлаган инсон, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров саксон ёшлик довонни забт этди. Бу ерда айтилган ҳар бир сўз, берилган ҳар бир эътироф фақат бир ижодкорга эмас, балки миллат маънавиятига кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Зокировлар сулоласи деганда кўз олдимизда миллий мусиқамизнинг олтин занжири гавдаланади. Карим Зокировнинг маҳобати, Ботир Зокировнинг бетакрор овози ва маданияти бугун шу инсон сиймосида янгича жило билан давом этмоқда.

Бу сулола санъатни шунчаки касб эмас, балки яшаш тарзи, Ватанга муҳаббат изҳори деб билган фидойилар мактабидир. Саксон ёш эса 55 йил давомида “Ялла” билан дунё кезган, миллионлаб қалбларга ўзбек дунёсини олиб кирган заҳматли йўлнинг сарҳисобидир.
Тадбир давомида давлатимиз раҳбари томонидан Фаррух Зокировга “Буюк хизматлари учун” орденининг топширилиши ва Яшнобод туманидаги мусиқа мактабига санъаткор номининг берилиши эълон қилинди. Бу ҳақиқий санъат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг исботи бўлди.
“Учқудуқ” ва “Чойхона”дан тортиб “Мажнунтол”гача бўлган куйлар нафақат “олтин фонд”дан, балки халқимизнинг юрак-юрагидан мустаҳкам ўрин олди. Бу қўшиқлар билан авлодлар улғайди, неча минглаб кўнгиллар таскин топди.
Биз ушбу тарихий воқеадан сўнг Фаррух Каримович билан суҳбатлашдик. Унинг нигоҳларидаги самимият ва ҳар бир сўзидаги шукроналик туйғусига гувоҳ бўлдик.
– Фаррух Каримович, авваламбор, ушбу қутлуғ саксон йиллик довон ва юксак давлат мукофоти билан сизни самимий муборакбод этамиз. Айни дамда қалбингиздан қандай кечинмалар ўтмоқда?
– Биласизми, инсон умри давомида кўп эътирофлар, мукофотлар кўриши мумкин. Лекин бугунги ҳаяжоннинг ўрни буткул бошқача. Президентимизнинг ҳар бир сўзида, кўрсатган илтифотларида “инсон қадри” деган улуғ тамойилнинг амалдаги ифодасини ҳис қиламиз. Давлатимиз раҳбари томонидан ижодимизга, сулоламизга берилган бу қадар юксак баҳодан бошим осмонга етди.

Шу лаҳзаларда хаёлимдан бир фикр ўтди. Демак, қилинган хизматлар, санъатга бахшида этилган йиллар, ўша ҳалол меҳнатлар бежиз кетмабди. Бу муваффақиятлар замирида, аввало, волидаи муҳтарамам ва падари бузрукворимнинг берган ўгитлари, дуолари ва бизга қолдирган ижод мактабининг файзу баракаси бор деб биламан. Бугунги эътироф нафақат менинг, балки бутун Зокировлар сулоласининг ўзбек маданияти олдидаги хизматларига берилган олий баҳодир. Бу ижодий бахтнинг таърифига сўз ожиз.
– Сизнинг номингиз билан аталадиган мусиқа ва санъат мактабининг ташкил этилиши, у ерда “Ялла” номидаги болалар ансамбли ва замонавий студияларнинг барпо этилиши ҳақидаги хабар барчани қувонтирди. Бу мактабни миллий эстрада ижрочилигининг янги “лабораторияси” деб аташ мумкинми?
– Сиз ҳақсиз. Бу шунчаки таълим даргоҳи эмас, балки келажак авлод ижодини қувватлайдиган илдизлардан бири бўлиши керак. Мактабда “Устоз-шогирд” анъаналарининг янги босқичга чиқиши жуда чуқур маънога эга. Бу ерда ёшлар мусиқа сирларини ўрганишади. Таълим жараёнида миллий руҳ ва замонавийлик уйғунлигини ҳис қилишади.
Тўғриси, бу ташаббус мени янада илҳомлантириб юборди. Ҳозирнинг ўзида хаёлимга янги-янги ғоялар келяпти. Ёшлар билан янги ансамбллар тузиш, маҳорат дарслари ташкил этиш, балки янги байрам дастурлари устида ишлаш... Президентимизнинг бу таклифлари менда ёшлик шижоатини янада жонлантириб юборди. Бу мактаб нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам ҳавас қилса арзийдиган санъат маскани бўлиши учун бор тажрибамни ишга соламан.
– Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида бир-биридан замонавий янги шаҳарларимиз бунёд бўляпти. Яқин орада шу манзилларга аталган “Учқудуқ” ёки “Шаҳрисабз” каби дурдона асарлар яратиш ниятингиз борми?
– Албатта! Инсон қадри улуғланган, ижодкор мана шундай ардоқланган юртда ғайратга ғайрат қўшилаверар экан. Президентимизнинг юксак ишончи менга шундай куч бердики, ҳозир тоғни талқон қилишга ҳам кучим етади. Бу менинг ижодий ҳаётимдаги янги ва муҳим бир босқич бўлди.
Бугун юртимизда Кўкдала каби янги туманлар, Бобур каби янги шаҳарлар қад ростлади. Бу бунёдкорлик ишлари ижодкорни тўлқинлантирмай қолмайди. Умримнинг охиригача Ватанимга, халқимга хизмат қилиш мен учун олий шараф. Янги қўшиқлар, янги оҳанглар ҳали олдинда. Кучим ва овозим етгунча “Ялла” жамоаси билан бирга ўзбек санъатининг жозибасини дунёга тараннум этишдан тўхтамайман.
Фаррух Зокиров билан суҳбатлашар экансиз, қаршингизда машҳур юлдузни эмас, балки ниҳоятда камтарин, ҳар бир гапини мушоҳада билан айтадиган донишманд инсонни кўрасиз. Унинг нигоҳларида санъатга бўлган алангали муҳаббат порлаб турибди.
Суҳбат якунида англаган ҳақиқатим шу бўлдики, ҳақиқий санъаткор учун энг катта мукофот халқнинг меҳри ва давлатнинг юксак эътирофи экан. Фаррух Зокиров ўз ҳаёти ва ижоди билан миллий эстрадамизнинг баланд чўққисини забт этиб бўлган, лекин ҳамон янги марралар сари интилишдан тўхтамайди.
ЎзА мухбири
Икром АВВАЛБОЕВ
суҳбатлашди.
Отабек МИРСОАТОВ олган сурат.