Фаровонликнинг муҳим омили
Нукусда Оролбўйи ҳудудида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг иқтисодий-экологик муаммолари мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Нукусда Оролбўйи ҳудудида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг иқтисодий-экологик муаммолари мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хорижлик олимлар иштирок этди.
Анжуманда Хитой Халқ Республикаси, Польша, Россия давлатларининг олий ўқув юртлари, мамлакатимиздаги чет эл олий ўқув юртлари филиаллари олимлари, хорижий фирма ва компаниялар мутахассислари ҳам интернет орқали ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Иқтисодиётимиз тараққиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2014 йилда тадбиркорлик соҳасида 480 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилгани фикримиз далилидир. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 76,5 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келмоқда.
Анжуманда соҳани изчил ривожлантириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кенгайтириш, бандликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда тадбиркорликнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига инвестиция жалб этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, ҳудуддаги барча минерал хомашё ресурсларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Соҳани янада ривожлантириш борасида олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар натижалари таҳлил этилиб, ўзаро тажриба алмашилди.