Фаровонликка йўналтирилган сармоялар
Мамлакатимизда уй-жой қурилиши ҳамда мазкур соҳада фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларни ривожлантириш банк-молия тизимидаги ислоҳотларда муҳим ўрин тутади. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки ҳам ўн йилдирки, уй-жой бозорини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.
Мамлакатимизда уй-жой қурилиши ҳамда мазкур соҳада фаолият юритувчи корхона ва ташкилотларни ривожлантириш банк-молия тизимидаги ислоҳотларда муҳим ўрин тутади. “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки ҳам ўн йилдирки, уй-жой бозорини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.“Ипотека-банк” молия муассасалари фаолиятини барқарорлаштиришнинг замонавий тамойиллари асосида ҳудудларда ўз инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирги кунда банкнинг жойларда 38 филиал, 129 мини-банк, 530 дан ортиқ жамғарма ва махсус касса ҳамда 83 халқаро пул ўтказмалари шохобчаси фаолият юритмоқда.
2015 йилда вилоятлар маркази ва Тошкент шаҳрида элликта кўп қаватли уй-жой қурилишини молиялаштириш учун 186,2 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Айни вақтда фойдаланишга топширилган уйлар сони қирқдан ошди. Жумладан, пойтахтимизнинг Нурафшон кўчасида 4 та 5 қаватли турар жой биноси барпо этилди.
– Ўтган йили 106 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига шаҳримиздаги кўп қаватли уйдан уч хонали квартира харид қилдик, – дейди фарғоналик Зарнигор Абдуллаева. – Бунда ёш оилалар учун ажратилаётган ипотека кредитлари бизга қўл келди. Банк қисқа фурсатларда бирламчи уй бозоридан ҳамма қулайликларига эга хонадон харид қилишда ёрдам берди. Келажакдан умидимиз янада катта. Чунки турмуши фаровон, замонавий уй-жойли оилаларнинг ишида унум, келажакка ишончи мустаҳкам бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори “Камолот” уйлари қурилишини молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, Андижон шаҳри, Асака ва Балиқчи туманларида учта – 144 хонадонли, Бухоро, Когон шаҳарлари ва Ғиждувон туманида учта – 192 хонадонли, Тошкент шаҳри Бектемир туманида битта 32 хонадонли уй-жой фойдаланишга топширилди.
“Ипотека-банк” қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишида ҳам фаол иштирок этмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 7 январдаги “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлаётир. Унга кўра, ўтган йили “Ипотека-банк” вилоятларда уч мингтадан ортиқ намунавий уй қурилишига молиявий ёрдам кўрсатди. Бу 2014 йилга нисбатан уч баравар кўп демакдир. Мазкур уй-жойлар қурилиши учун 361 миллиард сўмлик кредит маблағлари йўналтирилди.
Бундан ташқари, 2015 йилда 4 минг 280 оилага ипотека кредитлари ажратилди. Шундан, 110,2 миллиард сўм мингдан ортиқ оилага янги қурилган кўп қаватли турар жойлардан квартира харид қилишга, 361,7 миллиард сўми уч мингдан зиёд оилага хусусий уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун берилди.
Банк юртимизда узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида уй-жой қурувчи ташкилотлар учун маҳаллий ва хорижий инвестиция маблағларини ҳам кенг жалб этмоқда. Натижада импорт ўрнини босувчи, тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сафи кенгаймоқда.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили банк маблағлари ҳисобидан 62,2 миллиард сўмлик кредитлар ажратилиб, юзга яқин рақобатбардош қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг лойиҳалари молиялаштирилди. Бу янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларда бир-биридан кўркам, замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилишида қўл келмоқда.
– Корхонамиз қурилиш фаолияти билан шуғулланади, – дейди Фарғона шаҳридаги “Файз бинокор” корхонаси раҳбари Ойгул Зокирова. – Ўтган йилларда банк кредитлари ёрдамида Қўқон шаҳрида иккита, Фарғонада тўртта кўп қаватли уй-жой барпо этдик. Уйлар атрофида аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам ишга туширилмоқда.
Айни вақтда банк кредит ҳужжатларини расмийлаштиришга сарфланадиган харажатларни қоплаш мақсадида гаров таъминоти билан боғлиқ харажатларни кредит маблағлари ҳисобига амалга оширишни йўлга қўймоқда.