ФАРМОН ВА ИЖРО: Тошкент шаҳридаги 600 мингдан ортиқ квартира оммавий баҳоланди
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Вазирлик мутасаддилари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этган ушбу тадбирда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори Муҳиддин Холмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2025 йил 5 мартдаги “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Вазир ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 9 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жой объекти ҳамда 8 миллионга яқин ер участкаси мавжуд. Кўчмас мулк фуқаролар ва тадбиркорларнинг энг муҳим иқтисодий активларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, амалдаги кадастр қиймати кўчмас мулк бозорида сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар, ҳудудлар ўртасидаги тафовутлар ва объектларнинг реал бозор қийматини тўлиқ акс эттирмайди.
– Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 мартдаги ПФ-43-сон фармонига мувофиқ, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. Мазкур тизимни жорий этишнинг биринчи босқичи 2025-2026 йилларда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида амалга оширилмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, Тошкент шаҳрида 600 мингдан ортиқ квартира баҳоланган. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасидаги қиймат 426,7 триллион сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жой қайта баҳоланган. Мазкур объектларнинг амалдаги кадастр қиймати 39 триллион сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида уларнинг қиймати 587 триллион сўмни ташкил этди. Баҳолаш натижалари Тошкент шаҳри ҳудудлари кесимида кўчмас мулк қийматида сезиларли тафовутлар мавжудлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, квартираларнинг 1 квадрат метри учун қиймат 4,6 миллион сўмдан 36 миллион сўмгача, бир сотих ер участкасининг қиймати эса 115 миллион сўмдан 888 миллион сўмгача бўлган. Мазкур тафовутнинг асосий сабабларидан бири амалдаги кадастр қийматида ер участкаси қийматининг тўлиқ акс этмаганидир. Оммавий баҳолашда эса ҳовли-жой ягона кўчмас мулк объекти сифатида, яъни ер участкаси ҳамда ундаги бино ва иншоотлар биргаликда баҳоланади, – деди вазир ўринбосари.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, баҳолаш жараёнида кўчмас мулк бозори бўйича катта ҳажмдаги маълумотлар таҳлил қилинади. Жумладан, бозор таклифлари, риэлторлик маълумотлари ва расмий тартибда расмийлаштирилган битимлар ўрганилиб, объектлар нарх зоналарига гуруҳланади. Ушбу маълумотлар асосида ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва объектларнинг индивидуал кўрсаткичларини ҳисобга олувчи баҳолаш моделлари шакллантирилади.
[gallery-30878]
Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директори Муҳиддин Холмуродовнинг таъкидлашича, оммавий баҳолашда халқаро тажриба, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган услубият қўлланилган. Баҳолаш жараёнида кўчмас мулк бозорига оид 100 мингдан ортиқ маълумот, жумладан, 85 мингдан зиёд нотариал олди-сотди битими таҳлил қилинган.
– Оммавий баҳолашда ҳудудлар кўчмас мулк нархларига қараб зоналарга ажратилиб, ҳар бир объектнинг қурилган йили, майдони, қурилиш материали, қавати, ер участкаси ва жойлашуви каби омиллар ҳисобга олинган. Амалдаги кадастр қиймати кўчмас мулкнинг реал қийматини тўлиқ акс эттирмаётгани сабабли, янги тизимда объектнинг локацияси ва инфратузилмага яқинлиги асосий қиймат шакллантирувчи омиллардан бири сифатида инобатга олинади.
Баҳолашда бозордаги талаб ва таклиф нархлари ўртасидаги тафовут ҳам инобатга олинган. Халқаро тажриба асосида таклиф нархларига нисбатан 20-30 фоизлик чегирма қўлланилган. Масалан, Аҳмад Югнакий массивидаги 94 квадрат метрлик квартира бўйича реал олди-сотди битими 1,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида унинг қиймати 1 миллиард сўм деб аниқланган. Айнан шу объектнинг амалдаги кадастр қиймати эса 190 миллион сўмни ташкил этган.
Оммавий баҳолаш натижалари ҳозирча дастлабки ҳисобланади. Якуний қийматлар тасдиқланишидан олдин баҳолаш натижаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, мулкдорларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш ҳамда асосли эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда тегишли тузатишлар киритиш механизми назарда тутилган. Баҳолаш натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Ҳар бир мулкдорга ўз кўчмас мулки бўйича баҳолаш натижаси ҳақида SMS-хабарнома юборилади.
Мулкдорлар баҳолаш натижалари ва ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиш, хатолик ёки нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳамда натижани қайта кўриб чиқишни сўраш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, оммавий баҳоланган қийматдан норози бўлган мулкдорлар учун мустақил баҳоловчиларни жалб қилиш имконияти ҳам назарда тутилмоқда.
Шуни айтиш жоизки, оммавий баҳолаш кўчмас мулкнинг келгусидаги аниқ сотув нархини белгиламайди. Унинг асосий вазифаси кўчмас мулкнинг бозор шароитларига яқин, ягона мезонлар асосида шакллантирилган ва солиштириш имконини берадиган қийматини аниқлашдан иборат, – деди М.Холмуродов.
Тадбирда Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолаш натижалари davreestr.uz сайтига жойлаштирилаётгани ҳам маълум қилинди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА