Фармон ижроси: яширин иқтисодиётга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?
Иқтисодий ислоҳотлар шароитида мамлакатимизда нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, тўлов тизимларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида шаффофликни кучайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Ўзэнергоинспекция” томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнлар ҳақида “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев қуйидагиларни маълум қилди:
–Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда солиқ органлари ходимлари ҳамкорлигида автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчаларида профилактик ўрганишлар ўтказилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида газ тўлдириш шохобчаларида нақдсиз ҳисоб-китобларни жорий этиш даражаси, тўлов тизимларининг узлуксиз ишлаши ҳамда ҳисоб-китобларнинг қонуний юритилиши ҳолатлари алоҳида назоратга олиняпти.
Қайд этилишича, мазкур профилактик тадбирлар энергия ресурсларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, назорат тадбирлари давомида қатор қонунбузарлик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Жумладан, Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фуқаро А. Ш.га қарашли корхона электр қурилмаларини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани фош этилди. Натижада электр таъминоти корхонасига 2 миллиард 262 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Шунингдек, Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган “A.U.E” корхонасида ўтказилган ўрганишлар давомида корхона йилига 100 минг метр кубдан ортиқ газ истеъмол қилган ҳолда, техник жиҳатдан қайта жиҳозланган газ ускуналари учун тегишли хулосалар олмасдан фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима қўлланилди.
Қайд этиш жоизки, мазкур фармон ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ўрганишлар нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, тўловлар шаффофлигини ошириш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида, бу яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.