Фармацевтика институтида қабул қандай кечади?
Кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳам қабул қилиш даври яқинлашмоқда.
Кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳам қабул қилиш даври яқинлашмоқда. Жаҳон мамлакатларида давом этаётган COVID-19 пандемияси олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ташкиллаштириш ишларини тубдан ўзгартириб юборди. Кўпгина давлатлар масофадан туриб ҳужжатларни қабул қилиш, кириш имтиҳонларини online амалга ошириш ишларини бошлаб юборишган.
Тошкент фармацевтика институтидан хабар беришларича, қабул жараёнларига тайёргарлик жорий йилнинг март ойидан бошланган. Ҳозирги кунгача институтда қабул комиссиясида фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар таркиби, бажарадиган вазифалари тақсимлаб берилди. Институтда сall-center ва консультация хоналари ташкил этилиб, телефон аппаратлари, компьютерлар, телевизорлар билан жиҳозланди.
Институтда қабул жараёнини ташкил этишда Республика комиссиясининг карантин талабаларига тўла риоя этган ҳолда амалга ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Матбуот хизматидан маълум қилишларича, Тошкент фармацевтика институтига кириш тест синовлари2 та фан, яъни кимё ва биология фанларидан бўлиб ўтади. Кимё фанидан ҳар бир тест саволига тўғри жавоб учун – 3,2, биология фанидан эса– 3,1 балл берилади.
Тошкент фармацевтика институтининг магистратура босқичига қабул квоталари ҳам тасдиқланган. Унга 6 та мутахассислик бўйича 78 та, шундан 13 та давлат гранти ва 65 та тўлов контракт асосида қабул қилиш белгиланган. Шуни таъкидлаш лозимки жорий ўқув йилидан бошлаб янги «Экспериментал ва спорт фармакологияси» мутахассиcлиги очилди ва унга 10 та магистрант қабул қилинади.
Ҳудуднинг карантин шароитидан келиб чиқиб, абитуриент 2 хил усулда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ОТМга ҳужжат топшириши мумкин.