Фармацевтика: халқаро ҳамкорлик, янги экспорт бозорлари ва ҳудудий ривожланиш истиқболлари
Жорий ҳафта Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги учун маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашувлар ҳамда қизғин тадбирларга бой ўтмоқда.
Хитой билан ҳамкорлик: Инновациялар ва тиббий туризмнинг янги босқичи

Агентлик фаолиятининг халқаро йўналишидаги муҳим қадамлардан бири сифатида, "Pharm Service" ДМ вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафарини келтириш мумкин. Сафар доирасида Сучжоу шаҳрида фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялар билан самарали музокаралар ўтказилди.
Хусусан, "Gusu Clean" компанияси билан кечган учрашувда халқаро GMP стандартларига мувофиқ “clean room” (тоза хона) тизимларини жорий этиш, маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги корхоналарни ташкил этиш ва мавжуд объектларни халқаро меъёрларга мослаштириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимининг инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида "Care Navigator" компанияси билан ҳам мулоқот ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тиббий туризмни ривожлантириш, халқаро клиникалар ҳамкорлигини кенгайтириш ва тиббий хизматлар экспортини ошириш масалалари диққат марказида бўлди. Музокаралар давомида мамлакатимизда ташкил этилган Health Invest ташкилоти фаолияти тақдим этилиб, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшма тиббиёт марказларини очиш ва инновацион диагностика технологияларини жорий этиш бўйича истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Истиқболли бозорлар сари: Афғонистонга экспорт имкониятлари

Хитойлик ҳамкорлар билан соҳа инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича келишувларга эришилган бир пайтда, Агентлик маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги улушини ошириш устида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Ана шундай тадбирлардан бири сифатида Агентлик биносида Афғонистон озиқ-овқат ва соғлиқни сақлаш маҳсулотлари устидан назорат қилиш бошқармаси (AFDA) вакиллари иштирокида маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари учун учрашув ташкил этилди.
Гибрид (бевосита ва Zoom платформаси орқали) шаклда ўтган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда Афғонистон фармацевтика бозорининг ҳажми тахминан 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади ва эҳтиёжнинг катта қисми импорт ҳисобидан қопланади. Бу эса ўзбек корхоналари учун улкан имкониятдир.
Учрашувда AFDA вакили доктор Садам маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш, ариза топшириш ва ишлаб чиқариш майдонларида инспекция ўтказиш тартиблари ҳақида батафсил маълумот берди. Энг қувонарлиси, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун алоҳида имтиёз сифатида, ҳар бир ишлаб чиқариш линияси учун белгиланган GMP инспекцияси тўлови ҳозирги вақтда бепул амалга оширилиши маълум қилинди. Агентлик маҳаллий корхоналарни ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни изчил давом эттиришини таъкидлади.
Намангандаги замонавий корхоналар фаолияти

Халқаро майдонда ва экспорт йўналишида эришилаётган бундай келишувлар ва имкониятлар, ўз навбатида, мамлакатимиз ҳудудларидаги ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантиришни талаб этади. Шу мақсадда, ички имкониятларни яқиндан ўрганиш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш учун Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлди.
Агентлик раҳбари вилоятдаги фармацевтика корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва истиқболдаги режалар билан танишди. Хусусан, хизмат сафари давомида 2025 йилда ишга туширилган “Nano Pharmaceutical” корхонаси фаолияти кўздан кечирилди. Корхонадаги замонавий технологиялар, маҳсулотлар сифати назорати тизими ва инновацион ечимлар алоҳида эътироф этилди.
Корхона раҳбарияти билан ўтказилган мулоқотда ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги турдаги дори воситаларини ўзлаштириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА