Фарғонанинг 997 та мактабида биринчи қўнғироқ янгради
Фарғона вилоятида бугунги кунда 997 та таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Унинг 955 таси умумтаълим, 19 таси ихтисослаштирилган ва “Баркамол авлод” мактабларидир. Шу йилнинг ўзида вилоятда 4 та янги мактаб қурилди. 13 та мактаб эса реконструкция қилинмоқда. Қолаверса “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси бўйича 88 та умумтаълим мактаби ғолиб топилиб таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
2023-2024-ўқув йили учун 1-синфга 79 мингга яқин болалар қабул қилинди. Уларга 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” топширилди.

Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби эришган натижалари билан вилоятда пешқадам ўқув даргоҳларидан бири ҳисобланади. Бу йил ушбу мактаб битирувчилари юз фоиз олий ўқув юртлари талабаларига айланди. Биринчи қўнғироққа бағишланган тадбирда иштирок этганлар шулар ҳақида гапирар экан, бу йил илк бор мактаб остонасини босиб ўтган болажонлар ҳам опа-акалари изидан боришига ишонч билдиришди.

Мактабда 60 дан ортиқ фан тўгараклари, ўндан ортиқ спорт йўналишлари бўйича машғулотлар ўтказилади. 110 нафар фан ўқитувчиларининг 70 фоизи тоифали ҳамда халқаро, миллий сертификатларга эгадирлар.
Биринчи қўнғироқ садолари остида синф хоналарига кирган 1-синф ўқувчилари ҳаётида янги давр бошланди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Mmq4fv2My0Y" title="Фарғонанинг 997 та мактабида биринчи қўнғироқ янгради" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов.